Маълум бўлишича, туманда «Темир дафтар»га киритилган хонадонлар сони даставвал 1271та бўлган. Айни пайтда уларнинг 900тадан зиёдроғи (70 фоиз) мазкур рўйхатдан чиқарилган.

Ушбу мақолада ўша оилалар ҳокимият ва сектор раҳбарлари томонидан қай йўл билан даромад сари етаклангани борасида туманга бориб, кўриб-танишганимизни ўртоқлашмоқчимиз. Аввалига ўша «Темир дафтар» нима эканига тўхталиб ўтсак.

«Темир дафтар» – бу оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган Saxovat.argos.uz дастури. Ушбу дастурга ижтимоий аҳволи ҳамда турмуш шароити оғир бўлган, сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилалар киритиб борилади. Коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбайи яратишнинг вақтинчалик тартибига асосан, «Темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оила аъзоларига иш топиб бериш, уларнинг доимий даромадли бўлишига кўмаклашиш чоралари кўрилади.

Ҳўш, тўрақўрғонликлар эҳтиёжманд оила сифатида хатга тушган оилаларнинг 70 фоизини қандай қилиб рўйхатдан чиқара олди?

Кумидон қишлоғидамиз. Бу ерда март ойининг сўнгида Кумидон, Шохидон ва Гулистон маҳаллаларининг «Темир дафтар»га тушган 41та оилаларига асосий кўча бўйидаги ер майдонига 41та иссиқхона қуриб берилган.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, 3-сектор раҳбари – туман ИИБ бошлиғи Миршоҳид Собиржоновлар билан бирга аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.

«Мен Носиржон Қаҳҳоров. Кумидонда Дўстлик кўчасида тураман. Баҳорда кам таъминланганларга иссиқхона берилаётганини эшитиб, МФЙга учрадим. Ўзим деҳқонман. Иссиқхонани беришлари билан ерга ишлов бериб, бодринг экдим.

4,5 миллион сўмдан кўпроқ даромад олдим. Мана, иккинчи ҳосилга ҳаракатни бошладик. Иккинчисига саримсоқпиёз экишни режалаштириб турибман. Ердан икки марта ҳосил олишнинг иложи бор. Ҳозир эккан саримсоқпиёзимиз февралда етилади. Сўнг яна бодринг ёки помидор экамиз», – дейди Носиржон.

Шу ерлик ёш йигит Нурилло Саматов ҳар йили Россияга бориб ишлаб келган. Бу йил унга ҳам эрта баҳор давлат томонидан қурилган иссиқхоналардан бири берилибди.

«Мартнинг охирларида иссиқхонага помидор экдим. Ҳосил яхши бўлди. 2 миллион сўм атрофида даромад қилдик. Энди ерни укроп, кашнич экишга тайёрлаяпман. Кўкатнинг харидори аниқ. Шу ердаги ширинлик фабрикаси олади. Россияга бора олмаганимдан хафа бўлмадим. Иш бор. Меҳнатни қилсак, ҳаммаси яхши бўлади», – дейди у.