Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказмоқда.

Давлат раҳбари йиғилиш иштирокчиларини Ўзбек тили байрами билан табриклаб, Қашқадарё фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони ва давлат мадҳиямиз муаллифи Абдулла Ориповни ёдга олди.

Бир неча йил аввал энг мураккаб вазиятдаги ҳудудлардан бири бўлган Қашқадарёни йил якунига қадар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Шавкат Мирзиёев бу натижага эришиш учун аниқ ҳисоб-китоблар мавжудлигини қайд этди.

“Кеча вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида бўлган ўзгаришларни кўриб, тадбиркор, инвестор, ёшларнинг кўзларидаги шижоатни кўриб, жуда катта куч олдим”,– деди президент.

Давлат раҳбари “Султонтекс” кластери раҳбари Нурбек Эргашевнинг энергия ва сувни тежайдиган замонавий корхонаси фаолияти билан танишганини айтди. Тадбиркорнинг 2028 йилгача яна 30 минг кишини иш билан таъминлаш, айниқса, аёллар учун кўпроқ имконият яратиш режалари қўллаб-қувватланди.

Шавкат Мирзиёев Нурбек Эргашевга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонга имзо қўйганини билдирди.

Қамаши туманидаги Чим маҳалласида сулолавий лимончилик мактабини яратиб, аҳоли даромадини оширишга ҳисса қўшаётган Абдуманноп Худойбердиевга ҳам “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони берилади.

Қашқадарёда маърифатни тарғиб этаётган “Мутолаа” лойиҳасининг бош муҳаррири Жавлон Жовлиевнинг меҳнати ҳам эътироф этилди. Унга, шунингдек, “Ёш китобхон оила” республика танлови ғолиблари Бахтишод Рашидов ва Эъзоза Хушвақтовага Тошкент шаҳридан икки хонали янги хонадонлар совға қилиниши айтилди.