Ўзбекистонда янги турдаги “бола пули” жорий этилмоқда.
11 сентябр куни имзоланган президент фармонига мувофиқ, меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга 2017 йил 1 январдан эътиборан ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан бола парваришлаш нафақаси тўланади.
Фармон билан, шунингдек, “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари сақлаб қолинган ҳолда уларнинг маблағларини тасарруф этиш ҳамда улар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ваколатлари туман (шаҳар) штабларига ўтказилди.
2027 йил 1 январдан:
аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожлигини ўрганиш ҳамда Ижтимоий реестрга киритиш уларнинг молиявий ҳолатидан ташқари оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси, оиланинг кўп болали эканлиги каби мезонлар асосидаги кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали амалга оширилади;
кўп ўлчовли баҳолаш тизими доирасида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланиб, унинг натижаларига кўра оилалар тегишли тоифаларга ажратилган ҳолда ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.
Ижтимоий реестрнинг “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган оилалар аъзоларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2026 йилда қўшимча равишда 100 млрд сўм, 2027 йилда 300 млрд сўм фоизсиз кредитлар ажратилади.














