Жаҳон | 13:41 / 18.08.2020
6092
2 дақиқада ўқилади

АҚШ демократларининг Трампдан кейинги режалари ошкор қилинди

АҚШ Демократик партияси Дональд Трамп президентликдан кетса, ташқи сиёсатдаги курсни қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

Фото: AP

Бу ҳақдаги режалар партиянинг сайловолди дастурига бағишланган съездида ошкор қилинди, деб хабар берди Lenta.ru.

Қайд қилинишича, демократлар дипломатия услуби ва халқаро ташкилотлардаги аъзоликка бўлган муносабатни ўзгартиришмоқчи. Хусусан, улар Вашингтонни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашига қайтаришмоқчи.

Трамп рақиблари унинг қўли остида АҚШ дунё ҳамжамиятидан узоқлашган, обрўси ёмонлашган ва таъсир кучи пасайган деб ҳисоблашмоқда.

«Демократлар АҚШни дунёнинг марказий давлати ва асосий кучи сифатидаги позициясини таъминлаш мақсадида, дипломатияни қайта тиклашади», — деб ваъда беришмоқда президентликка эҳтимолий номзод Жозеф Байденнинг сафдошлари.

Таъкидланишича, агар у президент бўлса, дипломатия билан профессионаллар шуғуллана бошлайди. Бундан ташқари, жуда муҳим бўлиб бораётган Африка ва Лотин Америкасига алоҳида эътибор қаратилади.

АҚШ президенти сайлови 2020 йил ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Республикачилар партияси вакили, президент Дональд Трамп ва амалдаги вице-президент Майкл Пенсга сайловда Демократик партиядан катта эҳтимол билан Жозеф Байден рақиблик қилади.

Мавзуга оид