Жаҳон | 17:47 / 18.08.2020
5798
2 дақиқада ўқилади

Трамп Обама маъмуриятини тарихдаги энг коррупциялашган маъмурият деб атади

Аввалроқ Барак Обаманинг турмуш ўртоғи Мишель Обама Дональд Трампни мамлакат учун ёмон президент деб атаганди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп собиқ президент Барак Обама маъмуриятини тарихдаги энг коррупциялашган маъмурият деб атади.

 Аввалроқ Барак Обаманинг турмуш ўртоғи Мишель Обама Дональд Трампни мамлакат учун ёмон президент деб атаганди. Унинг қайд этишича, Трамп тартибсизлик олиб келмоқда ва ишини уддалай олмаяпти, агарда иккинчи муддатга сайланадиган бўлса, АҚШдаги вазият ёмонлашади.

 Мишель Трампнинг ишсизлик ўсиши, иқтисодиётнинг пасайиши, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, ирқчилик, анъанавий иттифоқчиларнинг йўқотилишига олиб келган ҳаракатларини танқид қилди.

"Обама ва Байден (собиқ вице-президент) маъмурияти тарихдаги энг коррупциялашган маъмурият бўлган, жумладан мамлакатимиз тарихидаги энг йирик сиёсий можаро - менинг кампаниямни яширинча кузатишганини ҳам қўшадиган бўлсак. Бу хиёнат деб аталади ва ҳатто ундан ҳам ортиқроқ. Яхши сўзлар учун раҳмат, Мишель!" – деб ёзди Трамп Twitter саҳифасида.

 Трамп АҚШ махсус хизматлари ходимлари 2016 йилда унинг сайловолди кампаниясини яширинча кузатганини илгари ҳам бир неча марта таъкидлаган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид