Жаҳон | 00:57 / 01.09.2020
9047
2 дақиқада ўқилади

Давлатларнинг карантиндан кейин назоратсиз очилиши фалокатга айланиши мумкин - ЖССТ  

Коронавирусга қарши киритилган чекловларнинг назоратсиз бекор қилиниши фалокатга олиб келади. Бундай фикрни ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус айтиб ўтди. 

Фото: REUTERS

ЖССТ давлатлар карантин режимидан чиқишда эҳтиёткор бўлишлари кераклигини таъкидламоқда. Чегараларнинг ўйламасдан, шошқалоқлик билан очилиши фалокатга олиб келиши мумкин.

Таъкидланишича, ҳозирда чекловларни анча юмшатган бир қатор давлатларда пандемиянинг иккинчи тўлқини кузатилмоқда. 
       
“Пандемия бошлангандан 8 ой ўтиб, одамлар чарчагани ва аввалгидек яшашни истаётганини тушунмоқдамиз. Агар давлатлар очилишни астойдил истаётган бўлса, унда вирус тарқалишини тўхтатиш ва ҳаётларни сақлаб қолишга жиддий муносабатда бўлишлари лозим. Вирусни қанчалик кўп давлат назорат қилса, шунчалик кўп давлат очилиши мумкин. Чегараларнинг назоратсиз очилиши бу муқаррар фалокат рецептидир”, деб таъкидлаб ўтилган Гебрейесус баёнотида.

ЖССТ раҳбарининг фикрича, давлатларнинг хавфсиз очилиши учун оммавий тадбирларни чеклаш ҳамда ижтимоий масофалашув ва санитар меъёрларга амал қилиш лозим. “ЖССТ иқтисодиёт ва жамият ҳаётининг фаоллашувини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Биз болалар мактабларга, одамлар эса ишларига қайтаётганларини кўришни истаймиз. Бироқ булар хавфсиз амалга оширилиши тарафдоримиз”, деб қўшимча қилган ЖССТ бош директори.

Гебрейесус давлатлар нормал ҳаётга қайтишдан олдин кўришлари керак бўлган асосий 4 қадамни санаб ўтган. Биринчидан, одамларнинг йирик гуруҳларида вирус тарқалишини чеклай олиш. Вирусга кўплаб чалиниш ҳолатлари оммавий тадбирлар вақтида, жумладан тунги клублар, стадионларда, диний маросимлар вақтида қайд қилинмоқда. Иккинчидан, ўлим даражасини камайтириш учун вирус олдида заиф қатламларни ҳимоялаш. Учинчидан, ҳар бир одам жамият хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши – ниқоб тақиши, ижтимоий масофага амал қилиши ва қўлларини тез-тез ювиб туриши керак. Тўртинчидан, ҳукумат касалланганларни аниқлаш, уларни яккалаш, даволаш, таҳлиллар ўтказиш ҳамда касалланганларнинг алоқаларини кузатиш бўйича чоралар кўриши лозим.

Мавзуга оид