Конго Демократик Республикаси (КДР) ҳукумати маълумотларига кўра, Эбола безгаги авж олиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3000 кишидан ошган, мамлакатдаги кенг кўламли эпидемия шимоли-шарқ бўйлаб тарқалишда давом этмоқда, деб хабар берди Reuters

«Касаллик тарқалишининг барча занжирлари топилиб, узилмагунча, эпидемия давом этаверади ва Конго, унинг қўшнилари ҳамда бутун минтақа учун таҳдид бўлиб қолади», – деди ЖССТ раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ўлим ҳолатларининг аксарияти касаллик билан алоқада бўлган деб ҳисобланмаган одамлар орасида юз берган.

«Бу бизга номаълум бўлган инфекция юқиш занжирлари мавжудлигини англатади. Вафот этганларнинг кўпчилиги ҳанузгача хавфли усулларда дафн этилмоқда, бу эса инфекциянинг янада тарқалишига сабаб бўляпти», – деб таъкидлади Тедрос Гебрейесус.

У халқаро ҳамжамиятни Конго ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган ва 1,3 млрд доллар талаб этиладиган Эбола эпидемиясига қарши кураш режасини молиялаштиришни ошириш ва жадаллаштиришга чақирди.

Эбола вирусининг Бундибугё тури келтириб чиқарган ушбу эпидемия 2018–2020 йиллардаги эпидемиядан ҳам ўтиб, Конго тарихидаги энг йирик ва энг кўп ўлимга олиб келган ҳолат бўлди. Ҳозир у 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада 30 мингга яқин одамнинг касалланишига ва Гвинея, Либерия ҳамда Серра-Леонеда 11 мингдан зиёд кишининг ўлимига сабаб бўлган эпидемиядан кейин иккинчи ўринда туради.

ЖССТ октябрь-ноябрь ойларида потенциал вакциналар самарадорлиги бўйича клиник синовларни бошлашни режалаштирмоқда, даволаш усуллари бўйича синовлар эса аллақачон олиб борилмоқда.

Май ойида ЖССТ КДР ва Угандадаги касаллик авж олишини халқаро аҳамиятга молик жамоат соғлиғи учун фавқулодда вазият деб эълон қилган эди. Ташкилотнинг маълум қилишича, генетик таҳлил (секвенирлаш) эпидемиянинг бир неча ой аввал, яъни январь-февраль ойларида бошланганини кўрсатган.