ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабарига кўра, Зироат Мирзиёева онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришдаги етакчилиги ва ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини глобал миқёсда илгари сургани учун тақдирланган.
ЖССТ бош директорининг глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги мукофоти 2019 йилда Тедрос Адҳаном Гебреесус томонидан таъсис этилган. У аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда алоҳида етакчилик кўрсатган ва аниқ натижаларга эришган шахсларга берилади. Лауреатларни ташкилот бош директори шахсан танлайди.
Мукофот ҳар йили чекланган сондаги лауреатларга топширилади. Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда уч нафар, 2025 йилда эса икки нафар шахс ушбу эътирофга сазовор бўлган.
2024 йилги лауреатлардан бири Барбадос бош вазири Миа Моттли бўлган. У иқлим ўзгариши ва унинг инсон саломатлигига таъсири масалаларидаги етакчилиги, шунингдек, микробларнинг дори воситаларига чидамлилигига қарши кураш бўйича Глобал етакчилар гуруҳи раиси сифатидаги фаолияти учун тақдирланган.
Ўша йили Каталин Карико ва Дрю Вайсман ҳам мукофот олган. Уларнинг илмий тадқиқотлари COVID-19ʼга қарши мРНК вакциналарини яратишга йўл очган. Олимлар ушбу технологияни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун эътироф этилган. Карико ва Вайсман 2023 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофотига ҳам сазовор бўлган.
2023 йилда мукофотланган Питер Пиот глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги кўп йиллик фаолияти билан танилган. У Эбола вирусининг илк бор аниқланиши ва дастлабки эпидемияни жиловлаш ишларида иштирок этган. Кейинчалик ОИВ/ОИТСга қарши халқаро курашда етакчи вазифаларни бажарган.
Гарвард профессори Пол Фармер эса 2022 йилда вафотидан сўнг тақдирланган. У дунёнинг кам таъминланган аҳоли қатламларига сифатли тиббий ёрдам етказиш, соғлиқни сақлашда тенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолияти учун эътироф этилган.
Фармер Гарвард тиббиёт мактабининг Глобал саломатлик ва ижтимоий тиббиёт департаментига раҳбарлик қилган, шунингдек, кам таъминланган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи Partners In Health халқаро ташкилоти ҳаммуассиси бўлган.
Зироат Мирзиёевани тақдирлаш чоғида Тедрос Адҳаном Гебреесус унинг болалар, айниқса, онкологик касалликлар билан курашаётган болалар манфаатларини ҳимоя қилишдаги фаолиятига урғу берган.
«Сиз бутун дунёда болалар, айниқса, онкологик касалликлар билан курашаётган болалар манфаатлари йўлида чинакам курашчи, ҳар бир боланинг таълим олиш ва соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқининг ҳимоячисисиз», — деган ЖССТ бош директори.

















