01:03 / 04.09.2020
12802

Лукашенко Украинага кириши тақиқланган кишилар “қора рўйхати”га тушди 

Беларусь президенти Александр Лукашенко Минск Россияга 32 россиялик фуқарони топширгандан кейин Украинанинг “Миротворец” сайти маълумотлар базасига киритилди. Ушбу базага тушиш Украинага кириш тақиқланишини англатади.

Фото: Sputnik / Виктор Толочко

Аввалроқ Беларусда 33 россиялик ҳибсга олинганди. Минскда улар “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси жангчилари экани ва мамлакатга оммавий тартибсизликлар уюштиргани келганлари таъкидланган. Украина эса Минскдан ушбу шахслардан 28 нафарини топширишни сўраган. Улар Киев томонидан Донбассдаги жангларда иштирок этишда гумон қилинган. Бироқ 14 августда 32 россиялик Россияга топширилган. Украина президенти Владимир Зеленский Минскнинг ушбу қарорини қоралаган.

“Миротворец” сайти ўзини Украина миллий хавфсизлиги, тинчлик, инсоният ва халқаро ҳуқуқ-тартибот хавфсизлигига қарши жиноятлар аломатларини тадқиқ қилувчи марказ деб атайди. Бу сайтга ДХР ва ЛХР билан ҳамкорлик қилувчи кишилар, Россия ўз таркибига қўшиб олган Қримга ташриф буюрувчи сиёсатчи ва артистлар, ОАВда Россияни қўллаб-қувватловчи баёнотлар билан чиқувчи шахслар киритилади.

“Террорчилар ва россиялик босқинчилар шериги. Халқаро келишувларга зид равишда, Украина томонидан билдирилган тегишли мурожаатга қарамай, Россияга (агрессор давлатга) Украина ҳудудида ҳарбий жиноятлар содир этган жангарилар ва ёлланма жангчиларни беришга кўрсатма берган”, деб “таърифланган” Лукашенко сайт хабарида.

Бундан ташқари, Польшанинг собиқ бош вазири Дональд Тускнинг Onet порталига яқинда берган интервьюси ҳам Лукашенконинг базага киритилишига сабаблардан бири деб аталган. Тускнинг таъкидлашича, Лукашенко унга 2014 йилда Украина ва Беларусь иттифоқини тузишни ва унга ўзини президент этиб тайинлашни таклиф қилган. “Миротворец” муаллифлари бу таклифни “Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз” деб топишган.

Top