Ўзбекистон | 08:34 / 05.09.2020
5409
4 дақиқада ўқилади

Янги лимонзорларни барпо этиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади

Лимончиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом;

Янги лимонзорларни барпо этишга кўмаклашиш бўйича туманлар ишчи комиссияларининг намунавий таркиби тасдиқланади.

Янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, субсидиялар 2020 йилда ва ундан кейинги йилларда ташкил этилган янги лимончилик йўналишидаги лойиҳа ташаббускорларига берилади.

Янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг ҳар бир гектари учун 30 миллион сўмдан ошмайдиган миқдори субсидия сифатида қоплаб берилади.

Кооперацияларга бирлашган лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4549-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.

Янги барпо этилган лимонзорларда сув тежовчи технологияларни жорий қилишга сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги 98-сон қарори билан тасдиқланган Янги интенсив боғ, узумзор ва иссиқхона хўжаликларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишга сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги Низомда белгиланган талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Субсидиялар лойиҳа ташаббускорларига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси Кенгаши қарорига асосан берилади.

Лойиҳалар субсидиялар ҳисобидан Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича молиялаштирилади.

Субсидия тўловлари янги лимонзорларни барпо қилиш ишлари лойиҳа ташаббускорлари томонидан якунланиб, лимон кўчатлари экилгандан сўнг амалга оширилади.

Лойиҳа ташаббускорлари субсидия олиш учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига ёзма ёки белгиланган тартибда электрон шаклда қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:

юридик шахснинг номи, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, сўраётган субсидиянинг мақсади, лойиҳани амалга ошириш жойи, хизмат кўрсатувчи тижорат банки номи ва банкдаги ҳисобрақами кўрсатилган ҳолда субсидия бериш тўғрисидаги ариза;

янги лимонзорларни барпо этиш учун ер участкаси ажратилганлиги тўғрисида ҳужжатлар нусхаси (туман ҳокимининг қарори, архитектура-режалаштириш топшириғи);

ер участкасига тузилган узоқ муддатли ижара шартнома нусхаси (ер участкаси доимий эгалик қилиш ёки доимий фойдаланишга берилган ҳоллар бундан мустасно);

қишлоқ хўжалиги бирлашмасига (кооперацияга) аъзолиги бўйича маълумотнома;

Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда лойиҳа тўғрисида маълумот;

Лойиҳаларни молиялаштиришнинг аниқ манбалари кўрсатилмаган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.

Агентлик:

лойиҳа ташаббускорлари томонидан субсидиялар олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатларнинг уч иш кунида Низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади;

тақдим қилинган ҳужжатлар Низомнинг 10-бандига мувофиқ бўлмаган, 2020 йилдан олдин ташкил қилинган ва бошқа камчиликлар аниқланганда, лойиҳа ташаббускорларини бу ҳақда хабардор қилади;

лойиҳа ташаббускорлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар Агентлик томонидан хабардор қилгандан сўнг етти иш куни мобайнида бартараф қилинмаган тақдирда, ҳужжатларни лойиҳа ташаббускорларига қайтаради;

лойиҳа ташаббускорларининг субсидиялар олиш бўйича Низом талабларига мувофиқ бўлган ҳужжатларини Кенгашга навбатдаги йиғилишида кўриб чиқиш учун киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид