Пол Рэндни замондошлари замонавий дизайн оламидаги Пикассо деб таърифлашарди. У ўз даврининг энг таъсири кучли дизайнери деб тан олинган, дея ҳикоя қилади Logolove.me сайти.

«Дизайн нафақат расмни чиройли қилади, у бизнеснинг ривожи учун ҳам муҳимдир, бизнес учун албатта график дизайн керак», деган тушунчанинг пайдо бўлишига Рэнд сабаб бўлган дейишади.

Талабалик ва график дизайн оламига кириб келиши

Фото: paulrand.design

Пол Рэнд 1914 йил 15 августда, Нью-Йоркнинг Бруклин мавзесида яҳудий муҳожирлари оиласида туғилган. Болалигиданоқ расм чизиш ва дизайнга қизиқиши кучли бўлган, бу унинг мактаб таътилидаги ва отасининг озиқ-овқат дўконидаги ишларида ўз аксини топган. Аммо отаси расм чизиш орқали пул ишлаш мумкинлигига шубҳа қилар эди, шунинг учун у ўғлини муҳандисликдан таълим берувчи Манҳеттандаги Haaren High School мактабига ўқишга юборди.

Дарвоқе, туғилганда унга еврейча Перец Розенбаум исми берилган, аммо мактабни тугатгандан сўнг дизайнер ўз исмини соддагина қилиб Пол Рэндга ўзгартирди. Ўша йилларда у график дизайн билан шуғулланишни бошлайди. Унинг дўсти ҳар доим: «Исм ва фамилиянгдаги тўрттадан ҳарфлар логотипга жуда мос келади», деб ҳазиллашар эди.

Пол тиришқоқ талаба эди, 1929 йилдан 1932 йилгача Пратт институтидаги кечки дарсларда қатнашди, бир нечта санъат мактабларида (The New School for Design, The Art Students League,Yale University in Connecticut) ўқиди.

Рэнд таълим олган масканлар яхши дарс беришига ва у йиллар давомида таълим олганига қарамай, асосий билимларни ўзи мустақил ўрганиб, график қобилиятини ривожлантирди. Кейинчалик Пол шундай эслайди:

«Ўқиш пайтида деярли ҳеч нарса ўрганмадим. Мен тушунган озгина нарсани ҳам ўзим ўрганганман».

Илк муваффақиятлар

Фото: paulrand.design

Дизайнер сифатида 1930-йилларнинг охирларида, журналлар учун муқовалар ишлай бошлаганида омади кела бошлади. Биринчи иши учун у пул олмади ва бепул ишлади, аммо эвазига у тўлиқ ижодий эркинлик ва асосий муқовани тайёрлаш ишини олди. Бу унга омма эътиборига тушишига ва ўзининг биринчи мижозларини топишига ёрдам берди.