Global Times нашри CCTV телеканали маълумотларига таяниб хабар беришича, Хитойда агродронлар бажарадиган вазифалар доираси тобора кенгаймоқда. Илгари улар асосан экинларга зараркунандаларга қарши воситалар сепишда қўлланган бўлса, ҳозир ўсимликлар ҳолатини кузатиш, қишлоқ хўжалиги материаллари ва йиғиб олинган ҳосилни ташишда ҳам ишлатилмоқда.

Соҳа маълумотларига кўра, экинларни ҳимоя қилишда дронлардан фойдаланиш қўл меҳнатига нисбатан иш унумдорлигини 20 баравардан кўпроқ ошириш имконини беради. Бунда ишлов бериш учун сарфланадиган сув миқдори 50 фоиздан зиёд, пестицидлар сарфи эса 20–40 фоизга камаяди.

Шу тариқа дронлар Хитойда экинларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда қўлланадиган асосий техник воситалардан бирига айланган.

Қишлоқ хўжалигида дронлар билан бир қаторда роботлар ва бошқа «ақлли» машиналардан фойдаланиш ҳам кенгаймоқда. Улар турли юмушларни автоматлаштириш, ишларни ўз вақтида бажариш ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, паст баландликда ишлайдиган учувчисиз аппаратлар аста-секин тажриба тариқасида қўлланадиган янгиликдан одатий иш қуролига айланмоқда. Фермерларга махсус хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳам бундай техникани кундалик фаолиятига киритмоқда. Бу харажатларни камайтириш ва аграр тармоқни замонавийлаштиришда муҳим аҳамият касб этяпти.

Аввал қўлда бажарилган айрим юмушлар ҳам дронларга топширилмоқда. Масалан, улар экинларни суғориш, тоғ ёнбағирларидаги боғлардан апелсинларни ташиб тушириш ва далаларни кўздан кечиришда қўлланмоқда. Айниқса, катта техника етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда бундай аппаратлар қулайлик яратмоқда.

Хитой Халқ университети профессори Чжоу Ли бу жараённи бир нечта омил билан изоҳлаган. Қишлоқларда ишчи кучига кетадиган харажатлар ошиб бораётгани техникага талабни кучайтирмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар дронларни такомиллаштириб, уларнинг нархини пасайтирмоқда. Натижада бундай аппаратлар кичик фермерлар ва кооперативлар учун ҳам қулайроқ бўлиб бормоқда.