Греция Туркия билан муносабатлар кескинлашуви ортида қўшимча қуролланмоқда
Греция Туркия билан муносабатлар кескинлашгани ортида ўз армияси қуролланиши даражасини оширмоқчи. Жумладан, гап Франциядан 18 та кўп мақсадли Dassault Rafale қирувчи самолётларини сотиб олиш ҳақида бормоқда, дея хабар қилди Греция бош вазири Кириакос Мицотакис.
Расмий Афина, шунингдек, вертолётлар ва 4 та янги фрегат харид қилишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Германияда ишлаб чиқарилган 4 та фрегат модернизация қилинади. Шунингдек, Греция қуролли кучларига 5 йил давомида қўшимча 15 минг киши жалб қилинади.
Франция мудофаа вазири Флоранс Парли Грециянинг ушбу қарорини қўллаб-қувватлаган. Бу Греция томонидан Dassault Rafale самолётларининг биринчи марта сотиб олиниши бўлади.
Греция бош вазирининг таъкидлашича, Туркиянинг хатти-ҳаракатлари Европанинг шарқий чегараларига ва минтақадаги хавфсизликка раҳна солмоқда. Афина Анқара билан келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга тайёр, бироқ бир тўхтамга келишнинг иложи бўлмаса, вазиятни ҳал қилиш учун БМТ Халқаро судини жалб қилиши мумкин.
Ўз навбатида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Греция ҳукуматини “янглиш ҳаракатлар”ни содир этишдан тийилишга чақирган. Эрдўған, шунингдек, Анқарани Афина билан можарода “қизил чизиқ”дан ўтмасликка чақирган Франция президенти Эмманюэль Макронни ҳам Туркия билан низога боришдан огоҳлантирган.
Икки давлат ўртасида Ўрта ер денгизидаги баҳсли ҳудудлар сабабли авж олган низо бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда. Иккала давлат ҳам нефть ва газ бўлиши мумкин бўлган ҳудудларга эгалик қилишга даъво қилмоқда. Европа иттифоқи Туркияни баҳсли ҳудудларда геологик-қидирув ишларини тўхтатишга чақирмоқда ва санкциялар билан таҳдид қилмоқда. Бироқ Анқара ён босишдан бош тортмоқда.
Мавзуга оид
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
09:50 / 04.11.2024
Туркия ТИВ раҳбари: Украина яхлитлиги тинчликнинг шартидир
10:30 / 02.11.2024