Жамият | 09:16 / 18.09.2020
3940
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда 1,3 килограмм гиёҳвандлик воситаси ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 28 август кунидан 29 август кунига ўтар кечаси Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар ҳудудида “Қорадори-2020” тадбири олиб борилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.

Тадбир давомида ИИО ва Миллий гвардия ходимлари томонидан “Ваз 21013” русумли автомашина шубҳали кўринганлиги сабабли тўхтатилиб, автомашинанинг юкхонаси ҳайдовчи 20 ёшли Ж.А. иштирокида текшириб кўрилганда, 1 дона оқ рангли полимер қоп ичида ҳўл холдаги, ўткир ҳидли кўкимтир рангли ўсимлик барглари борлиги аниқланган.

Аниқланган ўсимликлар кимга тегишли эканлиги суриштирилганда, ушбу қоп автомашина ичида бўлган вояга етмаган 17 ёшли К.М.га тегишли эканлиги аниқланган ҳамда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, олинган ўсимликлар таркибида фаол тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси эканлиги, унинг оғирлиги эса 1 кг 387 граммни ташкил қилганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид