Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, унинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари пойтахт ИИББ билан ҳамкорликда Юнусобод туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахсни тўхтатиб, холислар иштирокида текширган.
Олдиндан кузатувга олинган мазкур шахснинг ёнидаги учта кичик идишда жами 257 грамм гашиш мойи борлиги аниқланган. Тезкор тадбир давомида унинг яшаш манзилидан яна соф оғирлиги 2 килограмм 831 грамм бўлган гашиш мойи ҳамда электрон тарози ашёвий далил сифатида олинган.
ДХХ хабарида мазкур шахс интернет наркодўконида ишлагани ҳам қайд этилган.
Фарғонада гашишни 10 700 долларга сотишга уриниш аниқланган
ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари вилоят Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда яна икки тезкор тадбир ўтказган.
Биринчи ҳолатда Фарғона туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс 982 грамм гашишни шартли харидорга 10 700 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтда ушланган. Хабарга кўра, ушбу модда қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Бошқа ҳолатда Фарғона шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро Фарғона туманидаги яширин жойдан 956 грамм гашишни олиб, уйига қайтаётганида ушланган.
ДХХ маълумотига кўра, бу моддани ҳам аввалроқ наркокурьерлар қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кириб, яширин жойга қолдириб кетган.
Ҳозирда учала ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

















