Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, тадбирлар гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ўтказилган.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида ДХХ вилоят бошқармаси, Чегара қўшинлари ва вилоят Божхона бошқармаси вакиллари ҳамкорлигида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган Lacetti тўхтатиб текширилган.

Автомашинани Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс бошқариб кетаётган бўлган. Текширувда машина салонида 1400 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланган.

Иккинчи тезкор тадбир Қўқон шаҳрида ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси, божхона ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Унда 1976 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг сумкасидан 1092 дона «Регапен» ҳамда 200 грамм гашиш топилган. Улар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Яна бир ҳолатда Марғилондан Қўқон томон ҳаракатланаётган ВАЗ-21017 автомобили Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатиб текширилган.

Қўқон шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган шахс бошқарувидаги машина салонидан 99 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланган. Дорилар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ҳар учала ҳолат бўйича мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.