Технология | 17:04 / 20.09.2020
5647
3 дақиқада ўқилади

TikTok'нинг эгаси уни 60 млрд долларга баҳолади. Илованинг 20 фоиз улуши Oracle ва Walmart'га ўтади

Американинг Oracle ва Walmart компаниялари TikTok видеоиловасида 20 фоиз улушга эга бўлади. Бу борадаги лойиҳа-келишувни АҚШ президенти Дональд Трамп маъқуллади.

Фото: Brent Lewin/Bloomberg

TikTok'га эгалик қилувчи Хитойнинг ByteDance компанияси америкаликлар билан битим тузилиши арафасида сервисни 60 млрд долларга баҳоламоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Bloomberg хабар тарқатди.

Келишувга кўра, TikTok'ни бошқариш учун янги компания – TikTok Global тузилади. Видеосервиснинг АҚШда ҳам фаолият юритиши учун унинг 20 фоиз ҳиссаси Америка компаниялари – Oracle ва Walmart'га тегишли бўлади. Мазкур келишувни АҚШ президенти Дональд Трамп маъқуллаган. Келишув кучга кириши учун уни Хитой ҳукумати ҳам тасдиқлаши зарур.

Reuters'нинг аниқлик киритишича, TikTok'нинг америкалик фойдаланувчилари маълумотлари «АҚШ миллий хавфсизлиги талабларига мувофиқ» мамлакатнинг ўзида, яъни Oracle'нинг маълумотлар базасида сақланади.

Walmart супермаркетлар тармоғи баёнотига кўра, компания TikTok'да 7,5 фоиз улушга эгалик қилиши бўйича келишиб олинган. Oracle эса 12,5 фоиз ҳиссани қўлга киритиши кутилмоқда.

АҚШнинг ҳар иккала компанияси ўз пресс-релизларида келтиришича, 12 ой ичида TikTok акциялари дастлабки оммавий сотувга (IPO) чиқарилади, савдо Америка биржасида ўтказилади.

Трамп маъқуллаган келишувга кўра, янги тузиладиган TikTok Global'нинг штаб-квартираси АҚШда (эҳтимол, Техасда) жойлашади. Reuters манбасига кўра, TikTok Global'нинг 80 фоиз акцияси Byte Dance'га қолади, аммо айни пайтда ByteDance'нинг 40 фоиз акцияси ҳам америкаликлар қўлида.

Агентликнинг бошқа бир манбасининг маълум қилишича, йирик келишув натижасида Oracle, Walmart ва ByteDance'нинг америкалик ҳаммуассислари бевосита ёки билвосита TikTok Global'нинг жами 53 фоизига эгалик қилиши кутилмоқда.

Агар Oracle ва Walmart сервиснинг 60 млрд долларлик нархига кўнса, у ҳолда улар 20 фоизлик ҳисса учун биргаликда 12 млрд доллар тўлашларига тўғри келади. Bloomberg'нинг қайд этишича, якуний сумма бўйича ҳали бир тўхтамга келинмаган.

TikTok Global'нинг АҚШда 25 минг нафар ишчиси бўлиши, компания 5 млрд долларлик таълим жамғармаси ташкил этиш мажбуриятини олиши айтилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид