Таъкидланишича, ажратилган 200 миллион доллар мамлакат энергетика соҳасида молиявий барқарорлик ва етарли инвестицион кўмакни таъминлаш учун йўналтирилади.

«Ушбу турдаги кредит Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида қийин ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва хусусий сармояларни чуқурлаштириш учун жуда муҳимдир. Ушбу дастур хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш орқали, ҳукуматнинг иш ўринларни яратиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш бўйича якуний мақсадларини қўллаб-қувватлайди. Тоза энергияга ўтиш замонавий ва ишончли энергетик инфратузилмани ривожлантиришни жадаллаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг марказида бўлади, бу эса иссиқхона газлари чиқиндиларининг таркибий қисқаришига олиб келади», — дейди банкнинг энергетика йўналиши бўйича мутахассиси Сёнг Дак Ким.

ОТБ «Ўзбекэнерго» ички тузилмасини ислоҳ этиш ҳамда ташкилотнинг институционал ўзгаришини қўллаб-қувватлаб, энергетика соҳасида хусусий капитал кўпайишига интилмоқда. 

2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19,4 миллиард доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этди. Шу пайтгача, Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг 3,9 миллиард доллар қисми ОТБдан олинган.