Қирғизистон парламенти Садир Жапаров бошчилигидаги вазирлар маҳкамасининг янги таркибини тасдиқлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

 Хабарда айтилишича, парламент йиғилишида йиғилганларнинг барчаси Жапаров номзоди ҳамда у таклиф этган ҳукумат таркибини ёқлаб овоз берган.

 6 октябрь куни парламент аъзоларининг бир қисми бош вазирликка  Садир Жапаров номзодини маъқуллаб овоз берганди.

5 октябрь куни Бишкекда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи икки партия ғолиб чиққан парламент сайловлари натижаларига қарши намойишлар бошланди. Намойишлар тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Бир неча юз киши жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди.

 9 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Кубатбек Бороновни бош вазир вазифасидан озод қилди.