Қирғизистон президенти Садир Жапаров Андижонда республика бош консулхонасини очиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Янги дипломатик ваколатхона Ўзбекистоннинг учта вилоятидаги — Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги Қирғизистон фуқароларига хизмат кўрсатади.

Фармонга мувофиқ, бош консулхона қирғизистонликларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, консуллик хизматларини кўрсатиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш билан шуғулланади.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасига ваколатхонани очиш билан боғлиқ ташкилий ва молиявий масалаларни ҳал этиш топширилди. Фармон 20 ноябрдан кучга киради. Бош консулхонанинг қачондан иш бошлаши ҳозирча эълон қилинмади.

Янги ваколатхонанинг очилиши Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада яхшиланиб бораётган бир паллада юз бермоқда. 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатлар сиёсий ва иқтисодий алоқаларни фаоллаштирди, чегарани кесиб ўтишдаги чекловларни босқичма-босқич бекор қилди ҳамда ҳудудий баҳсларни бартараф этди.

2026 йилнинг ёзида Бишкек ва Тошкент миграция қоидаларини янада енгиллаштиришга келишиб олди. 30 июлда имзоланган протокол Қирғизистон фуқароларига Ўзбекистонда мажбурий вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан 15 суткагача бўлиш имконини беради. Айтиш жоизки, ўша вақтда икки давлат раҳбарларининг Чўлпонотадаги учрашувида Андижонда бош консулхона очиш режалари ҳам маълум қилинган эди.