СамДТИда хорижлик талабалар 500 нафарга етиши кутилмоқда. Етмишдан ортиқ халқаро институтлар билан ҳамкорлик ўрнатилган
Самарқанд давлат тиббиёт институти мазкур ўқув йилида институтдаги хорижлик талабалар сонини 500 нафарга етказмоқчи. Ҳозирга қадар СамДТИда ўқиш истагини билдириб, 350 нафар хориж фуқаролари ҳужжат топширган.
Эътироф этмоқ керак, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг халқаро миқёсда нуфузи сўнгги йилларда яхшиланиб бормоқда. Хусусан, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Италия, Испания, Бельгия, Словакия, Португалия, Туркия, Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Болгария, Грузия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистондаги 70 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Ҳамкорлик доирасида институтда янги қўшма таълим дастурлари ташкил этилган. Ушбу дастурлар доирасида 2020/2021 ўқув мавсумидан бошлаб 6 та бакалавриат ва 9 та магистратура йўналишлари бўйича қабул режалаштирилди.
Қўшма бакалавриат таълим йўналишлари қуйидаги хорижий ҳамкор таълим муассасалари билан биргаликда амалга оширилади:
Приволжск тадқиқот тиббиёт университети билан ҳамкорликда:
* Даволаш иши;
* Педиатрия;
* Стоматология.
Чувашия давлат университети (Россия) билан ҳамкорликда:
* Клиник психология.
Льюис миллий университети (Польша) билан ҳамкорликда:
* Соғлиқни сақлаш менежменти.
Тернополь миллий тиббиёт университети (Украина) билан ҳамкорликда:
* Олий ҳамширалик иши.
Қўшма магистратура мутахассисликлари бўйича таълим қуйидаги хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари билан амалга оширилади:
Беларусь давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда:
* Оториноларингология;
* Травматология ва ортопедия;
* Стоматология (мутахассисликлар бўйича);
* Инструментал ва функционал текшириш усуллари (микробиология ва вирусология);
* Инструментал ва функционал текшириш усуллари (тиббий биохимия);
* Фармакология мутахассисликлари.
Самарқанд давлат тиббиёт институтига хорижий талабаларни жалб қилиш бўйича ҳам инвестор ташкилотлар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Унга кўра, 2020/21 ўқув мавсумида институтда таҳсил олаётган хорижий талабалар сони 500 нафаргача етиши кутилмоқда.
Шунингдек, институтда халқаро қўшма дастурлар ва хорижий талабалар сони ошгани сабаб, халқаро таълим факультети ҳам ташкил этилди. Ушбу факультет йўлга қўйилаётган янги дастурларни мувофиқлаштириб боради.
Самарқанд давлат тиббиёт институтида талабаларни рағбатлантириш мақсадида ректор стипендияси жорий этилди. Бу борада институт илмий кенгаши қарор қабул қилган.
Шунингдек, ўз устида ишлаган ўқитувчилар ҳам олийгоҳ томонидан рағбатлантириб борилади. Илмий изланувчи педагоглар «Скопус» тизимидаги халқаро журналларда чоп этилган ҳар бир мақоласи учун 3 миллион сўмдан қалам ҳақи олишади.
Умуман олганда, институт бугун нафақат профессор-ўқитувчилар, балки илм олиш истагини билдирган Ўзбекистон ва хорижлик ёшларга кенг имкониятлар яратиш, замонавий олий ўқув юрти мақомига том маънода эришиш мақсадида бор имкониятларидан фойдаланмоқда. Айтиш лозим, институт жамоаси яқин йилларда дунёдаги энг кучли мингта олий ўқув юртининг бирига айланишни мақсад қилган.
Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Мавзуга оид
15:41 / 28.01.2022
Самарқанд давлат тиббиёт институти Туркия олийгоҳлари билан ҳамкорликни кучайтиради
20:00 / 16.11.2021
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги музейидан мингдан ортиқ экспонат ўрин олди
09:00 / 19.10.2021
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли биноси фойдаланишга топширилди
10:29 / 18.10.2021