Жаҳон | 18:19 / 19.10.2020
6011
2 дақиқада ўқилади

Греция Туркия билан чегарага тўсиқ ўрнатмоқда

Греция ҳукумати март ойи бошларида Эврос областидаги мавжуд чегара тўсиқларини 40 км масофага узайтириш тўғрисида қарор қабул қилганди. 

Фото: DPA

Греция Эврос областидаги Туркия билан қуруқликдаги чегарасида мустаҳкам тўсиқ ўрнатмоқда. Бу ҳақда Греция ҳукуматининг расмий вакили Стелиос Пецас маълум қилди.

«Ҳозирда чегарада узунлиги 26 км бўлган тўсиқ ўрнатилмоқда ва 10 км масофадаги участкада модернизация ишлари олиб борилмоқда. Янги тўсиқ ўрнатилиши мамлакатнинг суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам беради ва Греция Европанинг ташқи чегараларини ҳимоя қилаётганини билдиради», - деди Пецас.

Пецаснинг маълум қилишича, Греция чегараларини самарали қўриқлаш мақсадида Эвросда яна 400 нафар чегарачи хизматга киришади, 800 чегарачи Эгей денгизининг шарқидаги оролларга, яна 480 ҳарбий мамлакатнинг қолган ҳудудига жойлаштирилади.

«Йил давомида жами 1680 чегарачи кучайтирилган қўриқлаш талаб қилинадиган барча ҳудудларга жойлаштирилади», - деди у.

Греция ҳукумати март ойи бошларида Эврос областидаги мавжуд чегара тўсиқларини 40 км масофага узайтириш тўғрисида қарор қабул қилганди. 

Чегара хизмати вакилларининг сўзларига кўра, янги тўсиқ баландлиги 5 метрли мустаҳкам пўлат панжаралардан иборат бўлади. 

Мавзуга оид