Финландия Россия билан чегарада узунлиги 200 километр бўлган тўсиқ қурилишини якунлади, деб хабар берди YLE News.

Чегара тўсиғи металл девор, унинг ёнидан ўтувчи йўл ва ўрмонсиз ҳудуддан иборат. Деворга кузатув камералари, чироқлар ва овозкучайтиргичлар ўрнатилган.

Қурилиш Финляндияга 356 миллион еврога тушди. Тўсиққа техник хизмат кўрсатиш харажатлари йилига 1,5 миллион еврони ташкил этиши кутилмоқда.

Tўсиқ мамлакатнинг 17 та муниципалитети ҳудудидан — Лапландиядан то Фин кўрфази соҳилларигача бўлган ҳудудда қурилган. У мингга яқин ер эгасига қарашли ерлардан ўтказилган. Давлат уларга жами қарийб уч миллион евро товон пули тўлаган.

Ер эгаларидан бири — Финландия жанубидаги Виролаҳти ҳудудида яшовчи Раймо Ёкела судга мурожаат қилди. У чегара тўсиғи сабабли далаларни ижарага беришдан олинадиган даромад камайиб кетганидан норози бўлган. Ёкела ва унинг қариндошлари тўсиқ қурилиши йўналишини ўзгартиришни талаб қилган, бироқ суд уларнинг шикоятини рад этган.

Тўсиқ қуришдан мақсад — Финландияга ноқонуний киришнинг ва «йўналтирилган миграция» деб аталувчи ҳолатнинг олдини олишдир, деб ёзди YLE News.

Tўсиқ қурилиши ҳақидаги илк таклифлар мамлакатда 2022 йилнинг кузида муҳокама қилина бошланган. Ўшанда Владимир Путин сафарбарлик эълон қилганидан сўнг бир дам олиш кунининг ўзида Европа Иттифоқи мамлакати ҳудудига 17 мингга яқин россиялик кириб борган эди. Қурилишнинг ўзи эса 2023 йил баҳорида бошланган.

Россия-Финландия чегарасининг умумий узунлиги қарийб 1300 километрни ташкил этади. Қурилган тўсиқ қисмлари чегара бўйлаб турли ҳудудларда жойлашган.

2023 йил кузида Финляндия ҳукумати мамлакатга киришга уринган хорижликлар сони кескин ошиши фонида Россия билан чегарани ёпган эди. Reuters маълумотларига кўра, августдан декабргача бўлган даврда Россия чегарасини 1300 нафар бошпана изловчи, асосан Сурия, Сомали ва Яман фуқаролари кесиб ўтган. Хелсинкининг фикрича, Москва мигрантларни уюшган ҳолда чегарага йўналтириб, миграция инқирозини атайлаб юзага келтирган. Россия ҳукумати бу айбловларни рад этди.

Болтиқбўйи мамлакатлари — Латвия, Литва ва Эстония ҳам Россия билан чегарада тўсиқлар қурмоқда ёки қуриб бўлган.