Грецияда 2027 йил 1 январдан 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланади. Мамлакат парламенти бу борадаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Лойиҳа давлат вазири Акис Скерцос томонидан киритилган бўлиб, пленар йиғилишда уни депутатларнинг аксарияти қўллаб-қувватлади.
Ушбу тақиқ кўзда тутилаётгани ҳақида Греция бош вазири Кириакос Мицотакис апрелда маълум қилганди. У буни болаларнинг руҳий саломатлиги борасидаги хавотирлар билан изоҳлаганди.
Аввалроқ Туркияда 1 ноябрдан бошлаб 15 ёшдан кичик болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланиши хабар қилинганди.
Бундай чеклов ва тақиқлар Германия, Дания, Испания, Жанубий Корея, Буюк Британияда ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда.

















