Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сертификат учун топшириладиган имтиҳон саволлари ОТМга қабул тестларидан қийинроқ бўлади – ДТМ вакили
Ўзбекистонда 2020 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар бўйича миллий тест тизими жорий этилмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган «Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими» мавзусида матбуот анжуманида маълум қилинди.
Давлат тест маркази бош юрисконсультанти Гулжаҳон Мадраҳимова Kun.uz мухбирига берган интервьюсида умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш тизими имтиҳонлари мураккаблиги жиҳатидан ёзги имтиҳонлар, яъни ОТМларга кириш тестларидан қанчалик фарқ қилиши ҳақида айтиб ўтди.
«Миллий тест тизимида фойдаланиладиган саволларнинг формати ёзги тестларда фойдаланиладиган саволлардан анча фарқ қилади. Бу тестлар турли компетенциялар орқали баҳоланади, яъни ёзма, грамматика ва оғзаки нутқ компетенцияси текширилади.
Ёзги тест синовларида эса, одатий тест синовларидан фойдаланилган ва унинг қийинлик даражаси Миллий сертификатлаш тизимида фойдаланиладиган саволлардан анча енгил», – деди Мадраҳимова.
ДТМ масъули миллий тест тизими ўтказилиши тартиби бўйича маълумот берди.
«Сертификат олиш учун миллий тест тизимида битта фандан чуқур билимга эга бўлиш талаб қилинади ҳамда имтиҳонлар йил давомида ихтиёрий тартибда ўтказилади. Талабгорларимиз йил давомида ўз имкониятларидан келиб чиқиб имтиҳон топширишлари мумкин.
Мазкур сертификатга эга бўлган абитуриентга фақат ўша фандан пропорционал балл берилиши белгиланган. Масалан, сертификат олиш жараёнида абитуриентимиз 80 ёки 90 фоизлик кўрсаткичларни кўрсатиши мумкин, бу ёзги тест синовлари ўша фандан максимал баллнинг айнан шунча фоизи берилишини билдиради», дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, қачон барча умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш тизими жорий қилиниши маълум қилинди.
«Қарорда кўрсатиб ўтилганидек барча умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш тизими жорий қилиниши белгиланган. 2024 йилгача босқичма-босқич барча умумтаълим фанлари бўйича ушбу тизим жорий қилинади», деди Гулжаҳон Мадраҳимова.
- Маълумот учун, битта фандан тест топшириш қиймати БҲМнинг 1,5 баравари этиб белгиланган. Талабгор тест топшириш учун ДТМ сайтида рўйхатдан ўтади.