Бугун, 20 ноябрь куни Давлат бошқаруви академияси ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида ўтказилган «Ёшларда ижтимоий фаолликни шакллантиришнинг замонавий муаммолари: лидерлик, ижодкорлик, инновациялар» мавзусидаги конференцияда депутат Расул Кушербаев тест тизимидан бутунлай воз кечиш кераклиги ҳақида гапирди.

Фото: Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти

Тадбир иштирокчиларидан бири бугунги кунда болалар психологлар тавсияси асосида лаёқатига қараб мактабга қабул қилинаётгани, бу уларнинг қобилияти юза чиқишига катта ёрдам бераётганини таъкидлаб, бу тажрибани олий таълим тизимига, хусусан, педагогларни тайёрлаш жараёнига ҳам жорий этиш лозимлиги, чунки абитуриентлар тест синовларидан ўтиб, талаба бўлгани билан уларда кўп ҳолларда болаларга дарс бериш, ўқувчилар билан ишлаш лаёқати етишмаётгани, бунинг оқибатида педагогика йўналишида ўқиган йигит-қизларнинг кўпчилиги бошқа соҳаларига ўтиб кетаётганига эътибор қаратди. Мутасаддилардан юқоридаги омилларни инобатга олиб, кириш имтиҳонларидан олдин абитуриентларни психологик суҳбатдан ўтказиб, уларнинг танлаган соҳаси бўйича лаёқатини синовдан ўтказиш жорий этилиши эҳтимоли бор-йўқлиги сўралди.

Расул Кушербоев бу саволга жавобан тест тизими маълум бир қолипдаги савол-жавоблар билан абитуриентга олий таълим муассасаларига ўқишга киришига кафолат бериши мумкинлиги, лекин бу тизим номзоднинг дунёқараши, психологик дунёси қай даражада эканини аниқлаб бермаслиги ҳақида гапирди.

«Тест тизимидан бутунлай воз кечиб, абитуриентлар ўқишга фақат суҳбат, савол-жавоб асосида қабул қилиниши керак деб ҳисоблайман ва бу ўзини оқлайди.

Нафақат педагогика, балки ҳамма йўналишлар номзодлар бўйича олий таълим муассасаларига савол-жавоб ва суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши керак. Савол-жавоб қиладиган, суҳбат оладиган ҳалол, адолатли, коррупцияга йўл қўймайдиган мутахассисларни топа олсак, масала шу ерда. Мен шундай ҳисоблайман. Тест тизими ҳеч қачон ўзини оқламайди», дея Расул Кушербаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мазкур масала юзасидан президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

Фото: Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти