Шаҳарнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган ушбу улкан боғ дарахтлар, гуллар ва ноёб ўсимликлар жамланган маскан бўлиш билан бирга, илмий тадқиқотлар ва экологик таълим маркази ҳам ҳисобланади.

Kun.uz’нинг АҚШдаги мухбири куз фаслида янада чиройли тус олган бу боғдан репортаж тайёрлади.

Боғга 1927 йил 4 март куни АҚШ президенти Калвин Кулиж имзолаган қонун асосида асос солинган. Бугунги кунда у АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) таркибидаги илмий-тадқиқот муассасаси сифатида фаолият юритади. Унинг асосий мақсади ўсимликларни ўрганиш, ноёб турларни сақлаш, янги навларни яратиш ва уларнинг атроф-муҳит учун аҳамиятини кенг тарғиб қилишдан иборат.

451 акр майдонни эгаллаган боғ қарийб 183 гектар ҳудудга ёйилган. Бу ерда кенг майсазорлар, дарахтзорлар, табиий ўрмон манзаралари, кўллар ва сайр йўлакларини учратиш мумкин. Ҳудуддаги автомобил йўлларининг умумий узунлиги қарийб 9 милни ташкил этади. Шу боис боғни пиёда айланиб чиқиш билан бирга, автомобилда ҳам саёҳат қилиш мумкин.

Боғнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — турли мамлакатлар ва минтақаларга хос ўсимликлар тўпламидир. Осиё боғлари мажмуасида Хитой, Япония ва Корея табиатига хос дарахтлар ва ўсимликлар парваришланади. Fern Valley ҳудудида эса Шимолий Американинг шарқий қисмида табиий равишда ўсадиган ўсимликлар намойиш этилади. Бундан ташқари, азалия, магнолия, шамшод, гулли дарахтлар ва игнабаргли ўсимликларнинг алоҳида коллексиялари мавжуд.

Боғнинг энг машҳур масканларидан яна бири — Миллий Бонсаи ва Пенжинг музейи. 1976 йилда ташкил этилган ушбу музей бонсаи санъатига бағишланган дунёдаги илк музей сифатида танилган. Унда япон, хитой, Шимолий Америка ва бошқа мамлакатларга оид митти дарахтлар намойиш этилади. Айрим экспонатлар бир неча асрлик тарихга эга.

Боғ ҳудудидаги яна бир ўзига хос тарихий обида — National Capitol columns, яъни Капитолий устунларидир. Бу устунлар дастлаб 1828 йилда АҚШ Капитолий биносининг шарқий айвонида ўрнатилган. Кейинчалик бино гумбази қурилиши ва меъморий ечимлар ўзгариши сабабли улар ўз ўрнидан олиб ташланган. 1980 йилларда эса устунлар боғ ҳудудига кўчирилиб, кенг майсазор ўртасида қайта қад ростлаган. Бугун улар ушбу масканнинг энг таниқли рамзларидан бири ҳисобланади.