Хайрулло Бозоров: Журналистларга уй қуриб берамиз!
Фарғона вилоятида 60 га яқин ОАВлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 247 та журналист аҳолига холис ва тезкор ахборот етказиб беряпти. Аммо журналистлар орасида уй-жойга муҳтожлар ҳам оз эмасди.
Бугун бир гуруҳ уй-жойга муҳтож журналистлар Фарғона шаҳрига йўлдош Миндонобод мавзесидаги шаҳарчага бордилар ва қурилаётган бинолар, уларга ажратилиши мумкин бўлган уйлар билан танишдилар.
– Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан бўлган дастлабки суҳбатимиз чоғи мен бошқа муаммолар қатори Президентнинг журналистларга имтиёзли кредит асосида уй-жой қуриш ҳақидаги қарори ижроси масаласини қўйдим, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси, “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов. – Вилоят раҳбари Миндонобод мавзесида қуриладиган уйлардан бирини “Журналистлар уйи”га айлантирамиз, деди. Шундан сўнг биз тезликда уй-жойга муҳтож журналистлар рўйхатини шакллантирдик.
Миндонободда 20 та кўп қаватли бинолар бирин-кетин қад росламоқда. Бир ҳафта ичида 480 ўринли мактаб фойдаланишга топширилади. Болалар боғчаси, кичик бозор, маҳалла гузари, савдо расталари учун жойлар ажратилган ҳамда қурилиши тез кунларда бошланади.
– Уйларимиз 2-3 хонали бўлиб, кўчиб кириб яшайдиган ҳолатда, алоҳида иситиш ускунаси, ошхона жиҳозлари билан бирга топширилади, – дейди Фарғона тумани ҳокимининг ўринбосари Ўткир Тешажонов. – Уйнинг нархи 2 хоналиги 160, 3 хоналиги 185 миллион сўм атрофида. Унинг ўн фоизи дастлабки тўлов бўлиб, қолган қисми 20 йилга ўн фоизли кредит асосида берилади.
Бугун, 24 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Миндонобод мавзесидаги янги қурилаётган йўлдош шаҳарчада “Журналистлар уйи”нинг биринчи ғиштини тантанали суратда қўйди.
– Мен икки фарзандим билан неча йиллардан буён ижарада яшайман. Хайрулло Бозоровга катта раҳмат. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан мен ва мен каби 23 оила уйли бўлар экан, – дейди вилоят телевидениеси ҳодими Шерзод Юсупов.
– Биз бир хонадонда икки оила фарзандларимиз билан жуда ноқулай шароитда яшар эдик, – дейди “Фарғона ҳақиқати” газетаси мухбири Шохсанам Эшматова. – Энди ўз уйимиз бўлади. Қандай катта бахт!
Тантанали маросимда уй-жойга талабгор журналистлар ҳам иштирок этдилар. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров улар билан шу ерда мулоқот қилиб бундан кейин ҳам журналистлар фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз, деди.
2020 йил 24 октябрь Фарғона журналистикаси тарихига унутилмас воқелик сифатида ёзиб қолдирилади. “Наврўз” байрами арафасида журналистларнинг уй тўйларига келинг.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Ахборот хизмати.
Мавзуга оид
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
09:40 / 02.11.2024
Ҳиндистон Фарғонада халқаро кўп тармоқли клиника ташкил этади
13:30 / 01.11.2024