Қўқон шаҳрида бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 1 ноябр куни Қўқон шаҳрининг Чархий мавзесидаги хонадонлардан бирида содир бўлган. Бир оиланинг 5 аъзоси номаълум этимологик моддадан заҳарланиб, вафот этгани аниқланган.
Вафот этганларнинг 3 нафари (7, 3 ва 1 ёшли) вояга етмаган қизалоқлар бўлган.
Ўрганишда ушбу хонадонга Германиянинг Vaillant русумли икки контурли иситиш қозонини ўрнатилгани, унинг дудбурони ўрнатилган жойидан чиқиб кетгани аниқланган.
Фарғона вилояти ФВБ аҳолига мурожаат билан чиқиб, ким ўз хонадонига Vaillant қозонини ўрнатган бўлса, ҳозироқ ундан воз кечишга чақирди.
Бошқармага кўра, Германиянинг Vaillant русумли икки контурли иситиш қозонлари хизмат вазифасини ўтаб бўлган.
“Немислар аввал уни ишлатиб бўлишиб, утилизацияга топширган, фойдаланишга яроқсиз эски мослама ҳисобланади. Бироқ, у айрим уддабурон “тадбиркорлар” томонидан Ўзбекистонга эҳтиёт қисмлари сифатида ноқонуний йўллар билан олиб кирилган. Ушбу фойдаланишга яроқсиз воситалар қўлбола услубда қайта жиҳозланиб, гўёки харид учун янги ҳолатга келтирилган ва фуқароларга алдов йўли билан сотилган”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, Vaillant қозонлари унинг ажралмас қисми бўлган ҳақиқий дудбуронсиз олиб кирилган. Уларнинг ўрнига ишлаш жараёнига мутлақо мос келмайдиган, юқори ҳарорат таъсирида қаттиқлик хусусиятини йўқотадиган полиэтилен қувурлар ўрнатилган.
Хабарда 25 октябр куни Фарғона туманининг Чимён қишлоғида бир оилада 7 аъзоси, 1 ноябр куни эса Қўқон шаҳрида 5 киши ис газидан заҳарланиб вафот этгани айтилган.
ФВБ аҳолидан хонадонига Vaillant қозонларини асло ўрнатмасликни, бошқа турдаги иситиш воситаларини ҳам мутахассис иштирокида сифат сертификати, ишлатиш йўриқномаси ҳамда фойдаланишга яроқлилигини жиддий текшириб олган ҳолда ўрнатишни сўраган.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида 6 киши ис газидан вафот этганди.












