Иқтисодиёт | 19:42 / 30.10.2020
18165
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон сўнгги уч ойда энг кўп олтин сотган давлат бўлди

Ўзбекистон 2020 йилнинг 3-чорагида энг кўп олтин сотган мамлакат бўлди. Марказий банк бу вақт мобайнида қарийб 35 тонна олтин сотган.

Фото: iStock

Жаҳон олтин кенгаши 2020 йилнинг 3-чорагига оид ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, ушбу даврда энг кўп олтин сотган мамлакат Ўзбекистон бўлган. Июль–сентябрь ойларида Марказий банк 34,9 тонна олтин экспорт қилган.

Бу борадаги иккинчи юқори кўрсаткич Туркияга тегишли – 22,3 тонна. Кейинги ўринлардаги Тожикистон 9,2 тонна, Филиппин 7,8 тонна, Монголия 2,4 тонна, Россия 1,2 тонна олтин сотган.

Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқироз туфайли 2020 йилнинг 3-чорагида дунё бозорида олтинга бўлган талаб ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоиз – 892 тоннагача камайди. Жаҳон олтин кенгаши ҳисоботига кўра, бу – учинчи чорак бўйича 2009 йилдан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

Bloomberg'нинг изоҳлашича, олтинга бўлган талабнинг кескин пасайгани – мамлакатлар олтин нархи рекорд даражада қимматлашганидан фойдаланиб, уни сотиш орқали пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатишга интилгани билан боғлиқ.

Август ойи бошида олтин нархи тарихда илк марта унцияси учун 2000 доллардан ошиб, рекорд даражада – 2067 долларга кўтарилганди.

Давлат статистика қўмитаси ахборотига кўра, Ўзбекистон 9 ойда 5,8 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Бу – аввалги йил билан таққослаганда 1,5 баробарга кўп демакдир.

Ўтган ҳафта Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистон «кўп олтин сотиб юборгани» ҳақидаги гапларга муносабат билдириб, бу МБнинг нормал функционал вазифаларидан бири эканини таъкидлаганди. «Биз олтин-валюта захирамиз таркибини ўзгартириб туриш ваколатига эгамиз ва буни мустақил равишда ажратамиз. Агар олтин нархи жаҳон бозорида тушиб кетадиган бўлса ва биз келгусида олтин нархи ошишини кутаётган бўлсак, олтинни сотмаслигимиз ҳам мумкин», – деганди Нурмуратов.

Ўзбекистон август ойида рекорд даражада олтин сотгач, ушбу қимматбаҳо металлни сентябрь ойида деярли экспорт қилмади.

Business Insider шу йил август ойида келтирган маълумотга кўра, Ўзбекистон олтин захираси 342,8 тоннани ташкил этган.

Мавзуга оид