Жаҳон | 10:58 / 08.11.2020
10866
2 дақиқада ўқилади

Помпео АҚШдаги сайловларни “томоша” деб атаган Эрон олий етакчисини танқид қилди 

АҚШ давлат котиби Майк Помпео твиттерда Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Ҳаменеий билан тортишувга киришди. Бундан аввалроқ Ҳаменеий АҚШдаги президент сайловларини “томоша” деб атаганди. 

Фото: AP

Эрон олий етакчиси бу ҳақда твиттерда ёзган. 

“АҚШдаги вазият ва у ерда сайловлар ҳақидаги айтилаётган гаплар – бу томоша! Бу АҚШдаги либерал демократиянинг хунук қиёфасидир”, деб ёзган Ҳаменеий.

У, шунингдек, АҚШдаги сайловлар ўз натижаларидан қатъи назар, АҚШ тузумининг сиёсий, фуқаролик ва маънавий таназзулини фош қилишини айтган.

Аввалроқ Ҳаменеий Теҳронга АҚШдаги президент сайловларида ким ғалаба қозонишининг фарқи йўқлигини айтган.

Помпео Ҳаменеийнинг юқоридаги сўзларига уни танқид қилиш билан жавоб қилган. Унинг айтишича, Америка энг буюк миллат бўлиб қолади. У Эрондаги сайловларни “бемаънилик” деб атаган ва “уларга юзлаб номзодлар қўйилмаслигини” таъкидлаб ўтган.

“Сиз шахсан ўз халқингиздан миллионлаб доллар ўғирлагансиз. Сизнинг сайловлар – бемаънилик, уларга юзлаб кишилар ҳаттоки ўз номзодини илгари суришга қўйилмайди. Бугун халқингиз оч қолмоқда, чунки сиз клептократиянгизни ҳимоя қилиш учун ўз қўл остингиздагиларнинг урушига миллиардлаб пуллар сарфлагансиз”, деб ёзган Помпео Ҳаменеий номига.

7 ноябрда АҚШ оммавий ахборот воситалари Жо Байденни АҚШдаги президент сайловлари ғолиби деб эълон қилган. Бироқ амалдаги президент Дональд Трамп ўз мағлубиятини тан олмоқчи эмас. Трамп Байден ўзини мамлакатнинг янги етакчиси деб аташда шошқалоқлик қилганини ва сайловлар натижалари бўйича судда баҳслашишини айтган.

Мавзуга оид