Ўзбекистон | 08:11 / 18.11.2020
13328
7 дақиқада ўқилади

Келгуси ойларда нархлар қандай ўзгариши мумкинлиги маълум қилинди

Жорий йил октябр ойида истеъмол нархлари юқори инфляцион босим шароитида шаклланиб, ўтган ойга нисбатан 1,4 фоизга ошди.

Марказий банк шарҳида айтилишича, нархлар ошишига, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг сентябр ойига нисбатан 2,3 фоизга қимматлашиши сабаб бўлди. Январ-октябр ойларида республика бўйича инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил этди. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши (10 фоиз) умумий инфляция даражасидан юқори, ноозиқ-овқат товарлари (6,9 фоиз) ва хизматлар нархлари ўзгариши (5,2 фоиз) эса паст даражада шаклланди.

Жорий йилнинг ўтган 10 ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари юқори ошишига карантин шароитида бирламчи истеъмол товарларига бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши ҳамда сентябр-октябр ойларида айрим товарлар нархларига таклиф омиллари таъсири билан изоҳланади. Бунда, октябр ойи давомида тухум (17,7 фоизга), ўсимлик ёғи (11,2 фоизга), пахта ёғи (13,6 фоизга), шакар (9,8 фоизга) ҳамда сабзавот маҳсулотлари нархларида мавсумий (5,8 фоизга) юқори ўсиш кузатилди.

Гўшт маҳсулотлари

Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида гўшт маҳсулотлари нархи республика бўйича ўртача 15 фоизга, шундан, мол гўшти 18,2 фоизга ва қўй гўшти 22,1 фоизга қимматлашди. Гўшт маҳсулотлари нархларини барқарорлаштиришда асосий эътибор гўшт таклифини ошириш, хусусан, йирик чорвачилик фермаларини ташкил этиш, чорва озуқасини арзонлаштириш ҳамда гўшт маҳсулотлари импортида рақобат шароитларини яхшилаш ва харажатларни камайтиришга қаратилиши лозим.

Шакар

Шакар нархи йил бошига нисбатан республика бўйича ўртача 15,7 фоизга ошди ва нархлар ўсишининг асосий қисми сентябр-октябр ойларига тўғри келди. Жаҳон бозорида шакар нархининг пасайиши ҳамда шакар экспорт қилувчи асосий давлатларда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши фонида мамлакатимизга ушбу маҳсулотни импорт қилиш шароитларининг яхшиланиши келгусида шакар нархининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.

Буғдой уни

2020 йилнинг январ-октябр ойларида буғдой уни республика бўйича ўртача 12,9 фоизга қимматлашди. Таҳлиллар мамлакатимизда ва асосий савдо ҳамкор давлатлар – Россия ҳамда Қозоғистонда жорий йилги буғдой ҳосилининг кутилгандан кўпроқ бўлганлигини, келгусида ушбу маҳсулот нархининг юқори ошишига сабаб бўладиган омилларнинг йўқлигини кўрсатмоқда.

Гуруч

Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида гуруч нархи республика бўйича ўртача 13,2 фоизга ўсди. Тадбиркорлар ҳамда гуруч етиштирувчи деҳқонлар билан олиб борилган ўрганишларда, бу йилги мавсумда сув танқислиги кузатилганлиги сабабли гуруч ҳосили кутилган ҳажмидан сезиларли даражада кам бўлганлиги қайд этилди. Бу, ўз навбатида, келгусида ушбу маҳсулот нархига маълум даражада қўшимча босимни юзага келтириши мумкин.

Ёғ-мой маҳсулотлари

2020 йилнинг январ-октябр ойлари давомида ёғ-мой маҳсулотлари нархлари республика бўйича ўртача 20,2 фоизга, хусусан, ўсимлик ёғи 23,9 фоизга, пахта ёғи 24,2 фоизга қимматлашди. Ёғ-мой маҳсулотлари импортида рақобат шароитларининг яхшиланиши ва етказиб берувчилар таркибининг диверсификация қилиниши келгусида нархларни пасайтирувчи омиллардан бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Мева ва сабзавотлар

Кузатилаётган давр мобайнида мева ва сабзавотлар нархлари умумий инфляцияга пасайтирувчи омил сифатида хизмат қилиб, йил бошига нисбатан 3,3 фоизга пасайди. Мева ва сабзавотлар нархи юқори мавсумийлик характерига эга бўлиб, аввалги йиллардаги трендига асосан келгуси ойларда ушбу маҳсулотлар нархларининг мавсумий қимматлашишини кутиш мумкин.

Картошка

2020 йилнинг январ-октябр ойларида, аҳоли томонидан картошка маҳсулотига юқори талаб сақланиб қолганлиги сабабли истеъмол товарлари орасида энг юқори ўсишни (35,5 фоиз) қайд этди.

Тухум

Жорий йилнинг январ-октябр ойларида тухум нархида сезиларли ўсиш кузатилиб, нарх ўзгаришлари, асосан, сентябр-октябр ойларига тўғри келди. Тухум нархи барқарорлигини таъминлаш масаласи паррандачилик озуқа базасини арзонлаштириш йўналишида тизимли ишларни амалга оширишни талаб этади.

Ноозиқ-овқат товарлари

2020 йил январ-октябр ойларида, ноозиқ-овқат товарлари нархлари республика бўйича 6,9 фоизга ошиб (ўтган йилнинг мос даврида 9,5 фоиз), умумий инфляция даражасидан паст бўлди. Ушбу даврда ноозиқ-овқат товарлари нархлари қимматлашишига таъсир кўрсатган асосий омиллар дори-дармон, қурилиш моллари, цемент, автомобил учун ёқилғи, ювиш ва тозалаш воситалари, кийим-кечак ҳамда маиший техника воситалари нархларининг қимматлашиши бўлди.

Дори-дармонлар

Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида дори-дармон воситалари нархларида юқори ўсиш тенденцияси кузатилди. Куз-қиш мавсумида дори-дармон маҳсулотларига бўлган талабнинг юқори даражада сақланиб қолиши шароитида, келгусида ушбу маҳсулотлар нархларининг ошиши кузатилиши мумкин.

Қурилиш моллари

2020 йилнинг январ-октябр ойларида ноозиқ-овқат товарлари таркибида қурилиш моллари нархи ҳам юқори ўсишни қайд этди ва республика бўйича йил бошига нисбатан 11 фоизга қимматлашди. Қурилиш материаллари нархидаги ўзгаришлар, асосан, август ойига тўғри келиб, карантин чекловларининг юмшатилиши натижасида қурилиш соҳасидаги ишларнинг кенгайиши талабнинг сезиларли ошишига сабаб бўлди. Бироқ, қиш мавсумининг яқинлашиши билан қурилиш ишларининг секинлашиши қурилиш маҳсулотлари нархларда ўсиш суръатларининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Автомобиллар учун ёқилғи

Жорий йилда автомобиллар учун ёқилғи маҳсулотлари нархлари жаҳон бозорида нефт нархининг пасайиши ва ушбу соҳага хорижий операторларнинг кириб келиши натижасида рақобат муҳитининг яхшиланиши фонида шаклланди. Куз-қиш мавсуми учун аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнининг бошланиши ушбу маҳсулот нархига қўшимча босимни юзага келтирмоқда. Талабнинг юқорилиги сабабли ушбу маҳсулот нархидаги ўсувчи тенденция келгуси ойларда ҳам сақланиб қолиши мумкин.

Маиший техника

Жорий йилнинг январ-октябр ойларида маиший техника воситалари нархи республика бўйича ўртача 4,1 фоизга ошди. Ҳудудлар кесимида, Жиззах вилоятида маиший техника воситалари республиканинг бошқа вилоятларига нисбатан юқорироқ даражада қимматлашди ва 9,8 фоизни ташкил этди. Самарқанд ҳамда Фарғона вилоятларида эса ушбу товарлар нархлари нисбатан пастроқ даражада қимматлашиб, 2 фоизни ташкил этди.

Хизматлар

2020 йилнинг январ-октябр ойлари мобайнида хизматлар нархлари республика бўйича 5,2 фоизга қимматлашиб (ўтган йилнинг мос даврида 14,2 фоиз), умумий инфляция даражасига нисбатан пастроқ бўлди. Бунда, хизматлар соҳасида нархлар ошишига таъсир кўрсатган асосий омиллари сифатида тиббий хизматлар, хусусан, лаборатория хизматлари, йўловчи транспорти, йўналишли такси ҳамда маиший хизматлар нархларининг қимматлашишини келтириш мумкин.

Тиббий хизматлар

Пандемия шароитида тиббий хизматларга, айниқса, тиббий лаборатория хизматларига бўлган талаб кескин ортди. Пандемия билан боғлиқ ноаниқликларнинг сақланиб қолиши ҳамда қиш мавсумида тиббий хизматларга бўлган талабнинг мавсумий ортиши натижасида келгусида ушбу хизматлар нархларининг янада қимматлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Йўловчи транспорт хизматлари

Кузатилаётган давр мобайнида йўловчи транспорти хизматлари нархлари республика бўйича ўртача 9,9 фоизга қимматлашди. Мазкур ҳолат карантин чораларининг қўлланилиши сабабли жамоат транспорти ҳаракатининг чекланиши оқибатида такси хизматларига бўлган талабнинг ошганлиги билан изоҳланиши мумкин. Келгуси ойларда ёқилғи нархларининг мавсумий қимматлашиши ҳамда қиш ойларида аҳоли томонидан такси хизматларига бўлган талабнинг ошиши ҳисобига, ушбу хизматлар нархларида ўсиш кузатилиши мумкин.

Мавзуга оид