Ўйинни асосий таркибда бошлаган ўзбекистонлик ҳужумчи дастлабки дақиқалардан жамоаси сафида анча фаол ҳаракат қилди. Шунга қарамай, ўйиндаги ҳисоб мезбонлар футболчиси Верре томонидан очилди – 1:0.

Иккинчи бўлимда ҳужумкорликни оширган «Женоа» 60-дақиқада Элдор Шомуродовнинг ажойиб ҳаракати эвазига ўйинда бурилиш ясай олди. Катта тезликда ҳужумга ўтган ўзбекистонлик форвард икки ҳимоячини ортда қолдириб, деярли яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва тўпни бўш дарвоза қаршисида турган шериги Скамаккага ошириб, голли узатмага муаллифлик қилди – 1:1.

Голдан руҳланган меҳмонлар кейинги 10 дақиқаликда яна иккита гол киритишди – 68-дақиқада Лерагер, 72-дақиқада эса Скамакка дублга эришиб, «Женоа» «Генуя дербиси»да камбекни амалга оширган ҳолда кейинги босқичга йўлланма олди – 1:3.

Шу куни «Женоа» таркибидаги ҳозирча энг яхши ўйинни ўтказиб, голли ассист муаллифига айланган Элдор Шомуродов 85-дақиқада майдонни тарк этди. Унинг ўрнига Марко Пьяцца майдонга тушди.

Италия кубоги. 1/16 финал
Сампдория – Женоа 1:3
Голлар: 1:0 – 18 Верре, 1:1 – 60 Скамакка, 1:2 – 68 Лерагер, 1:3 – 72 Скамакка.

Сампдория – Аудеро, Тонелли (Кандрева, 87), Ауджелло, Берешиньски, Йосида, Адриен Силва (Экдаль, 78), Торсбю, Янкто, Верре, ла Гумина (Габбьядини, 87), Лерис (Дамсгор, 77).
Женоа – Маркетти, Бани (Масьелло, 79), Гильоне, Гольданига, Пеллегрини, Ровелла (Мелегони, 46), Стураро (Лерагер, 65), Зайц (Бадель, 46), Сапата, Шомуродов (Пьяца, 85), Скамакка.