«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 12-моддасига кўра, давлат болаларни тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлашни кафолатлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

Болаларни нафақалар билан қамраб олиш – бола ҳуқуқларини амалга оширилишининг келгусида салбий иқтисодий оқибатлар хавфини камайтиради.

Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тезкор эътиборни талаб қиладиган соҳадир. Уларни имтиёзлар билан қамраб олишни кенгайтириш болаларнинг овқатланишини ва ривожланишини, уларнинг ўқишдаги муваффақиятларини яхшилашни англатади, бу эса бола манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини янада рағбатлантириш борасида ютуқларга эришишга имкон беради.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан тайёрланган Ўзбекистондаги болалар вазиятининг таҳлилида келтирилишича, Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимояга киритадиган инвестициялари нисбатан паст даражада бўлиб, ЯИМнинг 6 фоизи ижтимоий ҳимоянинг миллий тизимига сарфланади.

Ўзбекистондаги болаларнинг кўпчилиги (54 фоиз) бирор ижтимоий нафақа оладиган оилаларда истиқомат қилади. Шундай бўлса-да, кам таъминланган оилаларнинг ярмидан кўпи (52 фоиз) миллий ижтимоий ҳимоя тизими томонидан ҳеч қандай кўмак билан қамраб олинмаган ва вақт ўтиши билан турли нафақаларнинг қамрови қисқарди.

Бугунги кунда 0–17 ёшдаги болаларнинг атиги 17 фоизи, бола учун мўлжалланган уч турдаги нафақаларнинг (болани парваришлаш бўйича нафақа, оилавий нафақа ва ногиронлик нафақаси) бирортасини олаётган оилаларда яшайди.

Бундан ташқари, болалари бор оилаларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган болалар нафақаларининг уч тури билан қамраб олиш даражаси мунтазам пасайиб бориши кузатилмоқда. Масалан, 2 ёшгача бўлган болани парваришлаш учун нафақа олувчилар сони 2009 йилдан бошлаб 60 фоизга камайди ва 2 ёшдан 14 ёшгача болалари бор бўлган оилаларга тўланадиган нафақалар вақт ўтиб қисқарди ва эндиликда атиги 10 фоизгина болаларни қамраб олмоқда. Болали оилалар ҳам бугунги кунда аҳолининг энг камбағал қатламларига мансуб бўлиб қолган.

Шу билан бирга, имкониятлари чекланган болаларнинг 48 фоизи ногиронлик нафақаси ола олмаяпти.

Болалар ногиронлиги бўйича нафақа тўлаш учун ажратилган бюджет паст даражада бўлиб, ЯИМдан атиги 0,21 фоизни ташкил қилган.

Шунингдек, турли ёшдагилар гуруҳлари орасида ҳам ижтимоий нафақалар билан қамраб олинганликда номутаносиблик бор. Масалан, 15–17 ёшли болалар аксарияти ижтимоий нафақалар дастурлари билан қамраб олинмаган. Болалар камбағаллиги даражаси умуман аҳоли камбағаллиги даражасидан юқоридир.