Ўзбекистонда алиментни ойлик даромадга қараб ҳисоблаш тартиби бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова Сенатдаги чиқишида маълум қилди.

Каттахоновага кўра, охирги пайтларда ота-оналарнинг алимент миқдорини камайтириш мақсадида ҳақиқий даромадини яшириб, ўзини паст маош тўланадиган ишга расмийлаштириш ҳолатлари кўпайган. Шу жиҳатдан ҳар бир ёш тоифалари кесимида минимал истеъмол саватини белгиланиш ҳамда алимент миқдорини ота ёки онанинг ойлигидан келиб чиқиб эмас, болага керак бўладиган истеъмол савати асосида ҳисоблаш таклиф этиляпти.

Шунингдек, алимент ундириш билан боғлиқ айрим функциялар Мажбурий ижро бюросидан хусусий секторга ўтказилиши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, алимент миқдори фарзандлар сонига қараб қуйидагича белгиланади: бир нафар бола учун иш ҳақининг тўртдан бир қисми, икки нафар бола учун иш ҳақининг учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун эса иш ҳақининг ярми ундирилади.

Расмий даромадга эга бўлмаган фуқаролар учун эса тахминий ойлик тўловлар миқдори қуйидагича: бир нафар бола учун — 1,7 млн сўм, икки нафар бола учун — 2,3 млн сўм, уч ва ундан ортиқ бола учун — 3,4 млн сўм атрофида.

Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, алимент тўловчиларнинг 61 фоизи иш билан таъминланмаган ёки доимий даромад манбаига эга эмас.