Фан-техника | 03:17 / 11.01.2021
7392
6 дақиқада ўқилади

Трампнинг тарафдорлари орасида машҳур Parler ижтимоий тармоғини чеклаш бошланди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Твиттердаги аккаунтида постлар блокланиши фонида унинг тарафдорлари ёппасига Parler ижтимоий тармоғидан фойдаланишни бошлаганди. Эндиликда бу тармоқни ҳам чеклаш бошланди.

Аввалига Play Market ва App Store ўз архивидан Parler ижтимоий тармоғининг иловасини ўчириб ташлади. App Store бу ишни Parler'да постларни филтрлаш функцияси йўқлиги билан изоҳлади. Play Market'да ҳам «Parler'ни бу ерда юклаб олиш имконсиз», деган ёзув турибди.

Бу борада ҳал қилувчи зарбани эса Amazon берди. Тармоқ айнан Amazon'га қарашли хостингдан (маълумотларни жамловчи база) фойдаланади ва техногигант Parler'да юзга яқин зўравонликка чорловчи пост аниқлагач, бир ҳафта давомида унга хостинг хизматини кўрсатмаслигини маълум қилди. Чеклов Тошкент вақти билан 11 январ куни соат 12:59 дан бошланади. Бунгача Parler бошқа хостинг топмаса, сайт бир ҳафта давомида ишламайди.

Apple Parler'ни App Store'дан ўчиришдан аввал тармоқ маъмуриятига 24 соат вақт берди ва зўравонликни тарғиб қилувчи постларга қарши нимадир ўйлаб топишни талаб қилди. Бироқ талаб бажарилмагач, Parler дастури App Store'дан ўчирилди: «App Store'да ҳар хил қарашларни қўллаб-қувватлаганмиз, лекин бизда зўравонлик тарғиботига ўрин йўқ. Шу сабаб Parler'ни App Store'дан тармоқ асосчилари муаммони бартараф этгунига қадар ўчиришга қарор қилдик», дейилади Apple баёнотида.

Parler ижрочи директори Жон Матц Amazon'нинг қилган ишини сўз эркинлигига дахл қилиш деб атади. У ҳам ижтимоий тармоқ бир ҳафта давомида ишламаслигини истисно қилмади: «Сиёсий мақсадларга хизмат қилувчи ва сўз эркинлигига тоқат қилолмайдиган авторитар диктаторларга бўйин эгмаймиз», деган Жон Матц.

CNN Amazon'нинг Parler'га юборган хати билан танишишга муваффақ бўлди. Унда шундай дейилган: «Amazon сервисларга техник ҳамда хавфсизлик бўйича хизмат кўрсатади ва Parler'га ўз фаолиятини кўрсатишда қаршилик қилмайди. Лекин биз зўравонлик тарғиб қилаётган контентни ўчириб ташлаш имконига эга бўлмаган мижозга хизмат кўрсата олмаймиз».

Охирги йилларда Facebook, YouTube ва Twitter зўравонликка қарши кураш доирасида ёппасига аккаунтларни блоклаб, постларни ўчира бошлагач, Parler сўз эркинлиги таъминлангани иддаоси билан америкаликлар орасида фавқулодда машҳурликка эришди. Сайтда рўйхатдан ўтиш бепул ва бошқа тармоқларда бўлгани каби бир неча босқичдан иборат эмас. Бу эса Twitter ва Facebook'дан «қувилган» қизиққон фойдаланувчилар учун айни муддао бўлди.

Parler айниқса Капитолий босқини вақтида жуда фаол бўлди. Унда Капитолийни ичида Ненси Пэлоси билан бирга ёқиб юбориш, вице-президент Майк Пенсни ўлдириш каби тарғиботлар оммалашганди. Сайтда ҳаттоки демократлардан кимни биринчи бўлиб ўлдириш кераклиги ҳақида сўровнома ҳам ўтказилган.

Parler ҳозирда браузер орқали кирганда ишламоқда, лекин унинг иловасини кўчириб олиш имкони йўқ. App Store ва Play Market орқали Parler иловасини кўчириб олиш тўхтатилган. Иловани олдинроқ юклаб олганлар уни ишлатишда давом этаверади, лекин уни янгилашнинг иложи йўқ. Эски илованинг ҳажми аста-секин катта бўлиб, телефон хотирасига сиғмай қолади.

Parler қандай машҳур бўлганди?

Бу ижтимоий тармоқ 2018 йилда пайдо бўлган ва ўтган йил АҚШдаги президентлик сайловлари вақтида америкаликлар орасида оммалашиб кетди, айниқса Трампнинг тарафдорлари орасида. Трампнинг Parler'да саҳифаси йўқ, лекин машҳур консерваторлар бу тармоқда аккаунт очган. Масалан, Тед Крузнинг 4,9 миллион, Fox News телеканали бошловчиси Гон Хэннитининг 7 миллион обуначиси бор.

2020 йил ноябрда АҚШда президентлик сайловлари ўтказилгач, Parler мамлакатда энг кўп юклаб олинган дастурга айланди. Чунки Facebook ва Twitter ёлғон маълумот тарқатилаётгани иддаоси билан жуда кўпчиликни блоклай бошлади.

Google'да нима дейишди?

Play Market'да Parler'ни юклаб олиш тўхтатилгач, Google бу борада шундай баёнот берди: «Бизнинг талабларга кўра, фойдаланувчилари бўлган хизмат модерация функциясига эга бўлиши ва зўравонлик тарғиб қилинаётган постларни ўчириши керак. Шу сабаб биз бу иловани муаммо бартараф этилгунга қадар ўз дўконимиздан ўчирамиз», дейилган компания баёнотида.

Apple эса Трампнинг тарафдорлари Parler'дан 6 январ куни Капитолий босқини вақтида режаларни ўртоқлашиш учун фойдаланганини маълум қилди. Ўз навбатида Parler раҳбари Жон Матц тармоқда тадбирлар ўтказиш бўлими йўқлигини айтиб, иддаоларга сарказм билан жавоб берди. Шунингдек, Apple суриштируви давомида Parler'да фойдаланувчилар билан шартномада қайд этилган бўлса-да, амалда модерация хизмати йўқлиги аниқланганини маълум қилган. Apple илова App Store'дан ўчирилганини изоҳлар экан унда инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган постлар жойланаётганини таъкидлаган.

Мавзуга оид