Иқтисодиёт | 12:36 / 15.01.2021
13099
11 дақиқада ўқилади

Twitter Трампни блоклади. Унинг қайси постлари биржадаги нархларнинг «оёғини осмондан қилиб юборганди?»

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз лавозимини шармандали ҳолатда тарк этишга яқин турибди. Яна бир ҳафтадан сўнг Трамп бошқарувидаги Америка тарихга айланади.

Фото: Rafael Henrique / SOPA Images / LightRocket via Getty Images

Трамп президентликка келишдан аввал Twitter'да жуда фаол эди. У АҚШ президентига айлангач ҳам бу тармоқда фаол бўлишдан тўхтамади. Шу даражада фаол бўлдики, ҳаттоки баъзи тайинловлар расман эълон қилинишидан аввал Трампнинг саҳифасида пайдо бўларди. Шу сабабли Трамп твиттер-президент деган лақаб ҳам орттирди. Унинг фаоллиги сабаб Twitter ҳам яхшигина машҳур бўлди. Бироқ ўтган йилги президентлик сайловлари олдидан Twitter ва Трампнинг «муҳаббатига дарз кетди».

Трамп АҚШ президенти бўлгани учун унинг твитлари шунчалик таъсирли эдики, бутун бошли дунё биржаларидаги нархларни ўйнатиб юборарди.

Трамп дунё иқтисодиётига бевосита таъсир қиладиган йирик мамлакат президенти бўлгани учун постларини иқтисодчилар, инвесторлар диққат билан кузатиб борар, унинг твитлари бир неча марта нефть нархларини ўйнатиб юборган, бутун бошли тадбиркорларнинг касод бўлишига ёки бойиб кетишига олиб келганди. Бунга Трамп твитларини имловий ва ҳатто тарихий хатолар билан ёзиши ҳам халақит бермасди. 9 январ куни Twitter Трампнинг 88,7 миллион ўқувчига эга аккаунтини блоклади. Чунки Трампнинг тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганди.

Twitter'дан кейин Facebook, Instagram ва YouTube ҳам Трампни «қора рўйхат»га тиқди. Цукерберг Трампнинг Facebook'даги саҳифаси камида ҳокимият тинчлик йўли билан топширилгунга қадар очилмаслигини маълум қилди. Facebook асосчиси бу борада шундай деди: «Бизнинг ижтимоий тармоқдан демократик йўл билан сайланган президентга қарши қўзғолон қилишда фойдаланишларига йўл қўймаймиз».

Трампнинг аккаунти блоклангач, Facebook ва Twitter акциялари нархи кескин тушиб кетди. 8 январ куни 267,57 доллар бўлган Facebook акциялари 11 январ куни 256,84 долларгача арзонлади (тахминан 4 фоиз тушиш). 8 январ куни 51,48 доллардан сотилган Twitter акциялари 11 январ куни 48,18 долларгача арзонлаган (6,4 фоизгача тушиш).

Трампни блоклаш Марк Цукербергга ҳам қимматга тушган. У бир кунда 3,9 миллиард доллар йўқотди. Forbes маълумотига кўра, Цукербергнинг бойлиги 94 миллиард долларга баҳоланмоқда.

«Трамп индекси»

JPMorgan Chase таҳлилчилари Трамп ёзган твитларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келишдики, унинг «Хитой», «миллиард» ва «товар» деган сўзлари бор твитлари молия бозорларига энг кўп таъсир қилган. Bloomberg'нинг ёзишича, молиячилар Трамп ёзган твитларидан кейин АҚШ давлат облигациялари нархи қандай ўзгаришини таҳлил қилиш учун бутун бошли «Трамп индекси»ни ҳисоблаб боришга мажбур бўлган. У ёзган 4 мингта постдан 146таси бозордаги нархларга таъсир қилган. Уларнинг таъсири айниқса АҚШнинг беш йиллик облигациялари нархида сезилган.

Трампнинг постлари нафақат АҚШ ички бозорига, балки дунё молия бозорларига ҳам таъсир қилган. Масалан, Трамп Хитой маҳсулотларига янги бож киритилгани ҳақида пост ёзгач, Америка ва Осиё молия индекслари қиймати тушиб кетган. Forbes АҚШ президентининг энг шов-шувли твитларини санади.

Қирувчи самолётларга қилинган харажатлар

Трамп нима ёзганди?

«F-35 [қирувчилари] дастури ва унга қилинаётган харажатлар назоратдан чиқиб кетди. Ҳарбий ва бошқа соҳадаги харажатларни бир неча миллиард долларгача камайтириш мумкин ва 20 январдан шундай қилинади ҳам». 2016 йил 12 декабр куни.

Бозор қандай реакция берганди?
Трампнинг бу постидан кейин қирувчи самолёт ишлаб чиқарувчи Lockheed Martin компанияси акциялари нархи 4,2 фоизга тушиб кетган. Корхонанинг бозор нархи эса умумий 3,5 миллиард долларга арзонлаган. F-35 ишлаб чиқариш бўйича масъул Жефф Бабийон президентнинг постига жавоб берар экан, соҳадаги катта харажатлар F-35 нархини тушириш учун қилинганини айтди. Бир томондан Трамп ҳам ўша твитини осмондан олиб ёзмайди: 2017 йил F-35 ишлаб чиқариш АҚШ бюджетига 400 миллиард долларга тушганди.

Трамп Amazon ва Twitter'га қарши

Трамп нималар ёзганди?

«Amazon солиқларни вақтида тўлаб бораётган улгуржи савдо дўконлар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда». 2017 йил 16 август.

«Сайловлардан анча аввал ҳам Amazon борасида эътирозларим бор эди. Улар бошқа корхоналардан фарқли ўлароқ солиқларни умуман тўламайди ёки штатлар даражасида жуда кам тўлайди. Amazon бизнинг почта хизматимизни ўзининг курьерига айлантириб олган. Оқибатда минглаб ритейлерларни бизнесдан чиқариб ташламоқда». 2019 йил 29 март.

«Amazon АҚШ почта хизматидан катта миқдорда қарздор ва бу пулларни америкалик солиқ тўловчилар гарданига ташлаб қўйиши эмас, тўлаши керак. Гап бир неча миллиард доллар ҳақида кетмоқда, тасаввур қиляпсизми? Почта раҳбарлари эса буни сезмаяпти ҳам (ёки сезишяптимикин?)». 2018 йил 31 март.

Бозор қандай реакция берганди?
Трамп дунёнинг энг бой одами ва интернет ритейлер Amazon раҳбари Жефф Безосга кўп марта «ҳужум қилган». Лекин айни юқоридаги учта пост иқтисодий жиҳатдан ҳам кучли зарба бўлган. Масалан, Трампнинг юқоридаги биринчи твити компания акциялари нархи умумий миқдорда 5,7 миллиард долларга (1,2 фоиз) арзонлашига сабаб бўлган. Иккинчи твит эса Amazon акцияларини 9 фоизга арзонлаштириб юборган. Бу эса компания битта твит сабаб 66 миллиард доллар зарар кўрди дегани. Почта тарифлари ҳақидаги Трампнинг учинчи пости Безос ва унинг компаниясига 53 миллиард доллар зарар келтирган.

Трамп ва Twitter «эртаги»

Трамп нима ёзганди?

«Twitter обрўли республикачиларга қарши «кўринмас» чекловлар қўлламоқда, бу яхши эмас. Биз тезда бу дискриминация ва ноқонуний ҳаракатни текширамиз. Эътирозлар жуда кўп». 2018 йил 26 июл.

Бозор қандай реакция берганди?
Трамп Twitter'нинг акцияларига тармоқнинг ўзида ёзилган твит орқали таъсир кўрсатди. Президентнинг бу постидан кейин Twitter'нинг акциялари нархи 14 фоизга арзонлаб кетди. Маълум бўлишича, айнан шу пост сабаб 2018 йил иккинчи кварталида Twitter фойдаланувчилари сони 1 миллионга камайган.

Бироқ Twitter асосчиси Жек Дорсининг бойлиги Трамп президентлиги вақтида 240 фоизга ошган (1,3 миллиард доллардан 4,4 миллиард долларгача). Тўғри, унга асосий даромадни Twitter эмас, Square тўлов тизими келтирган. Трамп президентликка киришган кунда Square нархи 1 миллиард доллар бўлган ва охирги уч йилда унинг нархи 370 фоизга қимматлаган. Ҳозир Square 3,6 миллиард долларга баҳоланган ва бу Жек Дорсининг 80 фоиз бойлигини ташкил этади.

Нефт нархларининг ўйнаши

Трамп нима ёзганди?

«Нефт нархи ҳаддан ташқари кўтарилиб кетяпти. ОПЕКдагилар, илтимос, тинчланинг. Дунё нархлар бунақа кўтарилишини кўтара олмайди». 2019 йил 22 феврал.

Бозор қандай реакция берганди?
Трампнинг бу постидан кейин Brent маркасидаги нефт нархи 3 фоизга арзонлаб, 65 доллардан ҳам тушиб кетди. Бироз олдин эса бир баррел нефт 2017 йилдан буён илк марта 67 доллардан кўтарилганди. WTI маркасидаги нефт эса 55,48 долларгача тушиб кетган.

Трамп нима ёзганди?

«Умид қиламанки, улар нефт қазиб олишни кунига 10 миллион баррелгача камайтиришади, балки кўпроқ ҳам. Бу нефт ва газ индустрияси учун жуда яхши иш бўлади». 2020 йил, 2 апрел.

Бозор қандай реакция берганди?
Бу твитдан кейин фаол нефт бозори тезда реакция билдирди. Brent нефтининг нархи 21 фоизга қимматлаб, 30,38 долларга етди. Кўп ўтмай нарх 36 долларгача қимматлашди ва бу олдинги савдоларга қараганда 45,5 фоиз қиммат дегани эди.

Трамп ва Хитой

Трамп нима ёзганди?

«Охирги 10 ой давомида Хитой АҚШга 50 миллиард долларлик маҳсулот учун 25 фоиз, 200 миллиард долларлик маҳсулот учун 10 фоиз бож тўламоқда. Жума куни 10 фоиз 25 фоизгача кўтарилади. 325 миллиард доллар...». 2019 йил 5 май.

Бозор қандай реакция берганди?
Бу пост дунё молия бозорига жиддий таъсир кўрсатди: дунё бозорининг кампитализацияси 1,36 триллион долларга арзонлади. Хитой фонд индекслари эса охирги уч йилликда энг паст кунлик пасайиш қайд этди. Трампнинг 120та сўздан иборат постидаги ҳар бир сўз инвесторларга 13 миллиард долларга тушган.

Трамп нима ёзганди?

«Савдо бўйича музокаралар давом этмоқда. Бу музокаралар давомида АҚШ Хитойдан кираётган ва қиймати 300 миллиард доллар бўлган бошқа турдаги маҳсулотларга ҳам 10 фоиз қўшимча бож қўйди». 2019 йил 1 август.

Бозор қандай рекация берганди?
Бу постдан кейин нафақат Хитой, балки Америка савдо индекслари ҳам пасайиб кетди. Доллар ва олтин нархи эса қимматлади. S&P 500 индекси 2,8 фоизга, Apple акциялари 4,3 фоизга, Intel акциялари 3,4 фоизга арзонлади. Трампнинг бу пости сабаб дунёнинг энг бой 500 нафар одами умумий ҳисобда 2 фоиз (117 миллиард доллар) маблағини йўқотган. Энг кўп (3,4 миллиард доллар) Жефф Безос йўқотди.

Трамп нима деганди?

«Хитой билан катта келишув остонасида турибмиз. Буни биз ҳам, улар ҳам хоҳлаяпмиз». 2019 йил 12 декабр.

Бозор қандай реакция берганди?Трампнинг бу постидан сўнг «казинолар қироли» Шелдон Адельсоннинг бойлиги 1,2 миллиард долларга ошган. Қизиғи, у Трампнинг дўсти. Адельсонга қарашли Las Vegas Sands компанияси дунёдаги энг йирик казинолар тизимини бошқаради ва Трампнинг Хитой билан келишув ҳақидаги постидан кейин компания акциялари 4 фоизга қимматлаганди.

Ана шунақа гаплар. Трамп президентлик сайловларида енгилгач, кўплаб инвесторлар енгил нафас олган бўлса керак. Бироқ бир нарсани унутмаслик керак: Трампнинг постлари иқтисодий кўрсаткичларга уларни Трамп ёзгани учун эмас, АҚШ президенти ёзгани учун таъсир қилган. Чунки АҚШ президентлиги дунёдаги энг катта лавозим. Шундай экан, Байденнинг постлари ҳам ҳали кўп кўрсаткичларни ўйнатади. Трамп ҳам ҳали интернетга қайтади. У собиқ президент сифатида ҳам ҳали узоқ вақт иқтисодий ва сиёсий воқеликларга таъсир қилиб турса керак. Ахир у мамлакат тарихидаги энг ғалати президент...

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид