«Ислом тараққиёт банки» гуруҳи таркибига кирувчи «Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорацияси» (ICD) Ўзбекистон тижорат банкларида ислом молия дарчалари («ислом дарчалари») очиш юзасидан музокаралар олиб бораётганлиги, ушбу масалада бир нечта банк билан шартномалар имзоланганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Қуйида ислом дарчалари нима эканлиги ва улар қандай фаолият олиб бориши юзасидан маълумот берилади.
«Ислом дарчалари»
Ислом банкчилиги ривожланиши натижасида анъанавий банклар томонидан ҳам бу соҳага бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Натижада, ушбу молия муассасалари ўзларининг мавжуд инфратузилмаларидан фойдаланган ҳолда «ислом дарчалари» деб аталадиган бўлинмаларни ишга тушира бошлади.
Мазкур ташаббус, ислом банкчилигига талаб юқори бўлган жойларда анъанавий банклар учун янги имкониятлар тақдим этди. Бироқ «ислом дарчалари»ни очмоқчи бўлган банклар ўз таркибида ислом фиқҳи, ислом молияси ва ҳуқуқи бўйича олимлар/экспертлар, ҳамда банк иши мутахассислари бўлган мустақил шариат қўмитасига эга бўлишлари керак.
Ислом молияси тамойиллари асосида фаолият юритиш учун, яъни мижозларга ислом молия маҳсулот ва хизматларини таклиф қилиш ва битимларни ислом молияси талабларига мувофиқ равишда тайёрлаш ана шу шариат қўмитаси қарорлари асосида ва назорати остида амалга оширилади. Акс ҳолда бундай дарчалар фаолиятини ислом молияси тамойилларига мос дейиш мумкин бўлмайди.
«Ислом дарчаси» – анъанавий молия муассасалари қошида махсус бўлинма/филиал ёки шохобча шаклида ташкил этилади. Бундай шохобчаларни тузишдан асосий мақсад – анъанавий банк муассасалари маҳсулот ва хизматларидан эмас, балки ўз диний қарашлари туфайли ислом молияси тамойиллари доирасида фаолият юритувчи молия муассасалари билан ишлашни афзал кўрувчи мижозлар эҳтиёжини қондириш ва шу орқали бор мижозларни сақлаб қолиш, ҳамда банкка янги мижозлар жалб қилиш. Анъанавий банкларнинг ислом дарчалари очишдан яна бир мақсади тўлақонли ислом банклари билан рақобат имкониятларини оширишдир.














