27-28 октябр кунлари Самарқандда Samarkand Islamic Finance Forum (SIFF) 2026 халқаро форуми бўлиб ўтди. Унда 18 та мамлакатдан 400 нафардан ортиқ вакиллар иштирок этди.
Форумнинг биринчи кунида Марказий Осиёда исломий молияни ривожлантириш, анъанавий банкларда исломий молия хизматларини йўлга қўйиш ва бундай хизматлар устидан назоратни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Исломий молия анъанавий кредитлашдан фарқли тамойилларга асосланади. Унда фоизли қарз бериш ўрнига савдо, ижара ва шерикликка асосланган молиявий ечимлар қўлланади. Бу эса банк хизматларидан фойдаланишда диний қарашларига кўра ўзини чеклаб келаётган аҳоли ва тадбиркорлар учун муқобил имконият яратиши мумкин.
Марказий банк Исломий молия лойиҳа офиси ишчи гуруҳи раҳбари Адҳамхон Ҳайдаровнинг айтишича, Ўзбекистонда бу соҳани ривожлантиришда қўшни давлатлар тажрибасини ҳам ҳисобга олиш муҳим. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда исломий молия бир неча йил олдин жорий этилган бўлса-да, бу борада муайян камчиликлар ҳам кузатилган. Шу сабабли уларнинг тажрибасини ўрганиш, йўл қўйилган хатоларни такрорламаслик, шунингдек, Малайзия ва Яқин Шарқ мамлакатларининг илғор амалиётидан фойдаланиш зарур.
Ҳайдаровнинг таъкидлашича, исломий молия хизматларининг йўлга қўйилиши диний қарашлари туфайли анъанавий банк хизматларидан фойдаланмай келаётган тадбиркорларни ҳам молия тизимига жалб қилиш имконини беради.
Форумда исломий молия институтлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, шариат талабларига мувофиқ ишлаш ва ички назорат тизимларини шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу борада икки поғонали бошқарув тизими муҳим аҳамиятга эга. Адҳамхон Ҳайдаровнинг маълум қилишича, Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилган. Келгусида исломий молия хизматларини кўрсатувчи ҳар бир ташкилотда ҳам шундай кенгашлар фаолият юритиши, улар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Шунингдек, молиявий ташкилотлар ўз операциялари ва натижалари ҳақида жамоатчиликка очиқ маълумот бериб бориши лозим.
Иккинчи куни эса исломий капитал бозорини ривожлантириш, сукук каби молиявий инструментларни жорий этиш ва соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масалалари кўтарилди. Муҳокамаларда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва исломий молия хизматлари ҳақида тушунарли ахборот бериш орқали жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳам таъкидланди.











