Ўзбекистон | 17:40 / 28.01.2021
4013
2 дақиқада ўқилади

ДБҚ: Халқаро юк ташувчи автомобиллар ҳаракати онлайн кузатиб борилади

Божхона назорати остидаги товар ва транспорт воситалари ҳаракатини масофадан кузатиш тизими ишга тушади. Тизим транспорт воситаларига электрон пломбалар ўрнатиш орқали ишлайди.

Автомобилда халқаро юк ташишларда электрон пломбаларни қўллаган ҳолда транспорт воситаларини кузатиб бориш тизимини жорий этиш тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига муҳокама учун қўйилди.

Қарор лойиҳасига кўра, божхона назорати остидаги товар ва транспорт воситаларини электрон пломбалар ёрдамида масофадан кузатиб бориш тизими ишга тушади.

Электрон пломбалар – автотранспорт воситасининг ҳаракати  тўғрисида маълумотларни сақлаш ва тизимга узатиш, шунингдек, унинг юк бўлинмасига кириш имконини чекловчи ва халқаро ташувларни амалга ошираётган автотранспортларни онлайн кузатиб бориш имконини берувчи идентификациялаш воситаси ҳисобланади.

Халқаро ташувларни амалга ошираётган автомобиллар юкхоналарига электрон пломбалар божхона органлари ходимлари томонидан ўрнатилади ва транспорт воситаси манзил божхона постига етиб келгач пломба ечиб олинади. Пломбалар фаоллаштирилгач, транспорт воситаларининг ҳаракатини контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармасининг ситуацион маркази ҳамда ДБҚнинг ҳудудий бошқармалари масофавий назорат қилиши мумкин бўлади.

Қарор лойиҳасида келтирилишича, электрон пломбалар товар ва транспорт воситалари божхона ҳамроҳлигида кузатиб борилганда, тирик ҳайвонлар ташилаётганда, товарлар «Автоматлаштирилган тарзда чиқариб юбориш» ААТ орқали экспорт божхона режимига расмийлаштирилганда ва қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус божхона пломбалари қўйишнинг имкони бўлмаган бошқа ҳолларда ўрнатилмайди.

Aвтотранспортга ўрнатилган пломба 30 дақиқадан ортиқ вақт ичида дастурга маълумот етказмаган, пломбага шикаст етказиш ва очишга ҳаракат қилинган, автотранспорт воситаси белгиланган ҳудуддан четга чиққан ва пломба қуввати 10 фоиздан пастга тушган тақдирда божхона органи ходими томонидан тезкор чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган.

Маълумот учун, ҳужжат лойиҳаси жорий йилнинг 11 февралига қадар муҳокама учун ҳавола этилган

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид