Исътемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълумотига кўра, автомобилни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олиш ёки лизинг хизмати юзасидан норози бўлиб, 2020 йилнинг январ ойидан буён республика бўйича 830 нафар истеъмолчининг мурожаати мавжуд. Агентлик томонидан 585 нафар истеъмолчи фойдасига 5,5 миллиард сўм миқдордаги зарар ундириб берилган.
Хўш, фирибгарликларнинг асл сабаби нимада? Фуқаролар шартнома тузишда нималарга эътибор қаратиши керак? Сотиш шарти билан ижарага бериш ёки лизинг? Бу тушунчалар бир-биридан қандай фарқ қилади?
Ўзбекистон Республикаси «Лизинг тўғрисида»ги қонунига мувофиқ:
Лизинг – молиявий ижаранинг бир тури ҳисобланиб, ишлаб чиқариш воситалари ва бошқа моддий бойликларни мунтазам равишда ҳақ тўлаб бориб, сотиб олиш шарти билан 12 ойдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш ҳисобланади.
Лизинг шартномаси 3 тарафлама (сотувчи – лизинг олувчи – лизинг берувчи) ёки 2 тарафлама (лизинг олувчи – лизинг берувчи) кўринишида амалга оширилади.
Агар лизинг шартномаси 2 тарафлама тузилса, қўшимча равишда лизинг объектининг олди-сотди шартномаси тузилади.
Лизинг шартномаси қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши керак:
- лизинг шартномаси тугагандан кейин лизинг объекти лизинг олувчининг мулки бўлиб ўтса;
- шартномаси тугагандан кейин лизинг объектининг қолдиқ қиймати унинг умумий қийматининг 20 фоизидан кам бўлса;
- Шартнома тугагач, лизинг олувчи лизинг объектини унинг бозор қийматидан паст нархда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса, бунда мулк қиймати шартнома тугаган кундаги бозор қийматига нисбатан олинади.
Баъзи лизинг компаниялари фуқароларга кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижара шартномасини тузишни таклиф қилади. Ижара шартномаси лизингга кўп жиҳатдан ўхшайди, аммо фарқ қилади. Лизингда ижарага бериладиган мулк лизинг берувчи томонидан мижоз учун махсус харид қилинади, ижарада бу кенг қабул қилинган қарор ҳисобланмайди (яъни ташкилот автомобил эгаси бўлмаслиги мумкин). Лизинг шартномасида 3 томон қатнашади, ижара шартномасида 2 томон кифоя, учинчи томон билан шартнома тузилмайди.















