Хитойнинг BYD компанияси тормоз тизимидаги нуқсонлар туфайли 183 мингдан ортиқ автомобилига техник хизмат кўрсатади. Бу ҳақда Хитой Бозорни тартибга солиш давлат бошқармаси хабар берди.

Хитой регулятори маълумотларига кўра, қўшимча хизмат кўрсатиш дастури фақатгина Хитой ички бозори учун 2014 йилдан 2022 йилгача ишлаб чиқарилган қуйидаги моделларни ўз ичига олади: 2015 йил 28 мартдан 2018 йил 21 декабргача бўлган даврда ишлаб чиқарилган 58 минг 26 та Tang серияси, 2018 йил 19 майдан 2022 йил 14 январгача бўлган даврда ишлаб чиқарилган 77 минг 846 та янги авлод Tang DM, 2018 йил 27 декабрдан  2021 йил 25 октябргача бўлган даврда ишлаб чиқарилган 7 минг 23 та янги авлод Tang EV ҳамда 2014 йил 27 июндан 2019 йил 9 июнгача бўлган даврда ишлаб чиқарилган 40 минг 316 та Qin сериясидаги автомобиллар. Чақирилиб олинаётган умумий машиналар сони 183 минг 211 тани ташкил этади.   

Муаммо нимада?

Текширувлар натижасида тормоз педалини чекловчи махсус детал материалида ишлаб чиқариш нуқсони борлиги аниқланган. Автомобилдан узоқ муддат фойдаланиш оқибатида ушбу детал ёрилиши ёки синиб, ўз жойидан тушиб кетиши мумкин. Энг хавфли жиҳати шундаки, детал ишдан чиққанда ҳайдовчи тормоз педалини босмаган тақдирда ҳам, машинанинг орқа тормоз чироқлари тўхтовсиз ёниб тураверади. Бу ҳолат эса ортдан келаётган бошқа ҳайдовчиларга нотўғри сигнал бериб, йўлларда жиддий авария ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.