Tesla компанияси биткоинга 1,5 миллиард доллар сармоя киритиб, автомобил харидлари учун биткоинлар қабул қилишни режалаётганини маълум қилгач, бир биткоин нархи 8 феврал куни янги чўққини забт этиб, 44750 долларга кўтарилди. 14 февралда эса янги рекорд қайд этилиб – 49000 долларга ошди. Бу рақамли валютага қанчалар таъсир қилади ва қандай рисклар бор? Бу ҳақда forbes.ru нашри таҳлилий мақола тайёрлади.
Ўзи нима бўлди? Илон Маскнинг Tesla компанияси АҚШнинг қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиясига 1,5 миллиард долларлик биткоин сотиб олгач, криптовалюта нархи рекорд даражага етди. Маск биткоин компания маҳсулотларига тўлов сифатида қабул қилиниши, шунингдек, ликвидлик даражасини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлмаган маблағнинг бир қисми рақамли активлар, олтин ва бошқа шу каби инструментларга йўналтирилишини айтиб ўтган.
Маск ва унинг компанияси биткоин нархи ошишига сабабчи бўлиши биринчи марта кузатилаётган ҳодисамас. Январ ойи охирларида Маск твиттердаги саҳифасининг тавсиф қисмига #bitcoin ҳэштегини қўшиб қўйган ва натижада биткоиннинг нархи кун охиригача 19 фоизга ошганди. «Афтидан Маск криптовалюталарни Tesla акциялари қийматини оширишнинг бир инструменти деб ҳисоблайди. Эҳтимол, Илон Маск ўз стратегиясига мана бунақа элемент қўшиб олгандир: биткоин нархи кўтарилади – Tesla акциялари нархи ҳам ошади – Маскнинг бонуслари ошади», дея тахмин қилади Швейцариянинг Newcent компанияси бош директори Владимир Сметанин.
Рисклар борми? Tesla биткоин сотиб олишни компания фаолияти билан боғлиқ рисклардан бири деб атади. «Рақамли активлар бозор нархларининг волатиллигига дучор бўлиши мумкин», дейилади компания баёнотида. Асосий риск компания криптовалютадан халос бўлишга тўғри келганда юзага келиши мумкин. Зеро рақамли активларнинг оммалашиши бу – нисбатан янги тренд ва сармоядорлар, истеъмолчилар ва умуман, бизнес уларни узоқ муддатли деб тан олиши ҳозирча мавҳум.
Криптовалюта билан боғлиқ рисклардан яна бири компанияда рақамли валюталарнинг моддий шакли йўқлиги, шунингдек, уларни технологиялар ва марказлашишдан қочишга боғланиб қолиш деб ҳисоблашмоқда. Охирги икки фактор киберҳужумлар ва технологик эскириш каби таҳдидларга мойил.














