18:10 / 23.02.2021
5891

Самарқандда украиналик олимлар томонидан мураккаб юрак операциялари амалга оширилмоқда

Фото: СамДТИ

22 феврал куни Самарқанд давлат тиббиёт институтида кардиохирургияда инновацион ёндашувлар бўйича халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Халқаро конференцияда Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Юрак институти» директори, Украинада хизмат кўрсатган шифокор, П.Л.Шупика номидаги дипломдан сўнгги таълим миллий тиббиёт академияси кардиохирургия, рентгенэндоваскуляр ва экстракорпорал технологиялар кафедраси мудири, Украинада юрак кўчириб ўтказиш (трансплантация) бўйича биринчи операция муаллифи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Борис Михайлович Тодуров, Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари, институт клиникалари ҳамда Самарқанд вилояти кардиология диспансери шифокорлари иштирок этди.

Конференцияни СамДТИ ректори, профессор Жасур Ризаев очиб берди. Ректор бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими, соҳа учун кадрлар тайёрлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инновацион тиббиётни ривожлантиришда етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилишнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Анжуман давомида профессор Б.Тодуров томонидан Бентал операцияси, митрал ва аортал клапанларни протезлаш, ўпка артериясини тромбоэмболияси, мини йўл орқали Маммар шунтлаш (MIDCAP), фибриляр юракда митрал клапанни протезлаш каби долзарб мавзуларда маъруза ва маҳорат дарслари ўтказилди.

Шу кунларда Самарқандга ташриф буюрган украиналик делегация вакиллари томонидан Самарқанд вилояти кардиология диспансерида бир қатор қийин ва инновацион операциялар ҳам амалга оширилмоқда.

Эътироф этмоқ керак, хорижий мутахассислар билан ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилиши мамлакатимизда малакали тиббиёт ходимларини тарбиялаш, тиббиёт олийгоҳларида кадрлар тайёрлаш сифатини кўтариш ва кўрсатилаётган тиббий хизматни жаҳон андозаларига мос бўлишида алоҳида аҳамият касб этади.

СамДТИ матбуот хизмати

Top