Ўзбекистон | 09:21 / 04.03.2021
3212
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда 457 127та доимий янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилмоқда

Foto: Pixabay

Президентнинг “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигига кўмаклашиш бўйича янги механизмларни жорий этиш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш қарор лойиҳасининг мақсади ҳисобланади.

2021 йилда 457 127та доимий янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича прогноз кўрсаткичлари, 2021 йилда меҳнат органлари томонидан 489 064 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг прогноз кўрсаткичлари, деҳқончилик билан шуғулланиш учун қишлоқ хўжалиги ер майдонларида 0,1 гектардан 1 гектаргача ер ажратиш орқали аҳолини даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланиши белгиланмоқда.

2021 йил 1 июлга қадар аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича ҳисоботларни юритиш, уларни реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялашган ахборот ресурс базаси билан мониторинг қилишга мўлжалланган электрон дастур ишлаб чиқилади.

Қарор лойиҳаси доирасида жами 322,9 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шундан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 257,7 млрд сўм ва Жаҳон банкининг грант маблағлари ҳисобидан 65,2 млрд сўм ажратилади.

Мавзуга оид