– Айни пайтда ўқитувчилар малакасини ошириш тизимида қандай янгиликлар бўляпти, нималар ўзгармоқда?
– Ҳозирги тезкор замонамизда таълимда ҳам ҳар куни қандайдир янгиликлар юз бермоқда, кеча самарали ҳисобланган ўқитиш методлари бугунги талабларга жавоб беролмай қолиши мумкин. Қайси ўқув фанини олмайлик, уни ўқитишга доир маълумотлар ой сайин янгилаб борилмоқда. Табиийки, бундай жадал ўзгариб бораётган таълимнинг асосий субъекти – ўқитувчи ҳам ўз билим, кўникма ва малакаларини мос равишда ривожлантириб бориши лозим.
Малака ошириш соҳасини тубдан янгилаш бўйича давлат раҳбарининг «Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4963-сон қарори билан соҳада янги тартиб жорий этилмоқда. Яъни амалдаги тартибга мувофиқ, халқ таълими ходимлари, шу жумладан, ўқитувчилар ҳар 5 йилда бир марта – бир ойлик малака ошириш курсига жалб қилинади. Энди улар 5 йилда бир марта эмас, балки ҳар йили, иложи бўлса – ҳар куни ўз малака савиясини такомиллаштириб бориши мумкин бўлади.
Шунинг учун халқ таълими ходимларининг ҳар йили малака оширишларини назарда тутувчи «ҳаёт давомидаги узлуксиз касбий ривожланиш таълими» жорий этилмоқда. Аввалги тартибга кўра ҳар йили ўқитувчиларнинг фақат 20 фоизи малака оширишга жалб қилинган бўлса, янги тартибга кўра ўқитувчилар 100 фоиз таркибда ҳар йили малака оширади. Илгари 5 йилда бир марта 144 соат малака ошириш курсларида ўқилса, янги тартибга кўра ўқитувчилар ҳар йили, камида 36 соатлик ўқишларга жалб қилинади.
Айтиш жоизки, энди халқ таълими ходимлари фақат Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги малака ошириш муассасаларида эмас, балки ўз ихтиёрларига кўра, ҳудудларда жойлашган исталган олий таълим муассасаси ёки нодавлат таълим ташкилотларида ўз малакаларини ошириши мумкин. Бу малака оширишлар мутлақо бепул ва электрон платформа орқали амалга оширилади. Яъни ўқитувчи ўзи истаган вақтда, исталган ҳудудда ўқиш имконияти яратилади.
Мана, жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб, туман халқ таълими бўлимлари фан методистларининг Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтининг «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформаси орқали малака ошириши йўлга қўйилди. Бундай имконият июн ойидан умумтаълим мактаб директорлари учун ҳам яратилади.
– Янги тизим орқали оралиқ тест ҳамда малака иши ҳимоясидан воз кечилишини айтдингиз. Якуний тестдан ўта олмаган тингловчилар учун қайта топшириш чекловларсиз амалга оширилар экан. Масалан, маълум бир муддат қўйиладими?
















