Иқтисодиёт | 15:57 / 11.03.2021
6440
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг иқтисодий ва аграр соҳадаги ислоҳотлари турк нашрларида эътироф этилди

Бир қатор турк нашрларида Ўзбекистоннинг иқтисодий соҳада амалга ошираётган ислоҳотлари қайд этилган мақолалар эълон қилинди.

Хусусан, ntv.com нашрида нашр этилган мақолада Марказий Осиё етакчиларидан ҳисобланган Ўзбекистонда 2018 йилдан иқтисодий соҳада ислоҳотлар бошлагани қайд этилган.

«Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳасида, банк иши ва туризм соҳасида ютуқларга эришди ҳамда хорижий инвесторларга ўз эшикларини очди. 2021 йилда мамлакатга келувчи тўғридан тўғри хорижий инвестициялар миқдори 7,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда», – дейилади мақолада.

2020 йилда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ЯИМ ўсиши бўйича ижобий тенденцияни сақлаб қолган уч давлатдан бири бўлгани, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ЯИМ миқдори 2019 йилга келиб 1740 долларни ташкил қилаётгани қайд этилган.

Мақолада Ўзбекистоннинг олтин ва уран каби кўплаб табиий бойликлар захираларига эгалиги, мамлакат ташқи қарз миқдори Халқаро валюта жамғармаси тавсия қилган миқдордан пастлиги ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида сўз боради.

Шунингдек, Туркиянинг IHLOS хабар агентлигида Ўзбекистоннинг аграр соҳада олиб бораётган ислоҳотларига бағишланган мақола нашр этилди.

Маълум қилинишича, COVID-19 пандемияси туфайли дунёда озиқ-овқат хавфсизлигига зиён етиб, бу борадаги инқироз янада кучайиши мумкин. Ўзбекистон бу борада 2017 йилда қабул қилинган «Ҳаракатлар стратегияси»га мувофиқ, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва интенсив ривожлантириш борасида ишлар олиб бормоқда.

Мақолада мамлакатда қишлоқ хўжалиги тизими самарадорлигини ошириш эвазига озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш сезиларли даражада ошгани қайд этилган. Шунингдек, карантин шароитларига қарамай Ўзбекистон 2020 йилнинг биринчи ярмида мева-сабзавотлар экспортини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўпроқ амалга оширгани таъкидланган.

Ўзбекистон 2019 йилда дунё давлатларининг озиқ-овқат хавфсизлиги (Global Food Security Index) рейтингида 9 ўрин юқорилади ва 71-ўринни эгаллади. Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ўртасида аҳолиси тўйиб овқатланмаслиги бўйича энг паст кўрсаткичларга эга.

Шунингдек, Ўзбекистон соҳадаги ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш ва халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида БМТ томонидан ташкиллаштирилаётган Озиқ-овқат тизими саммитида қатнашиши назарда тутилган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид