Visual Capitalist Халқаро валюта жамғармасининг 2026 йил октябрдаги «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботи прогнозлари асосида энг йирик иқтисодиётларни таққослаган. Инфографикада 20 та мамлакатнинг номинал ялпи ички маҳсулоти — ЯИМ ҳамда харид қобилияти паритети бўйича кўрсаткичлари келтирилган.

Номинал ЯИМ мамлакатда яратилган маҳсулот ва хизматлар қийматини бозордаги валюта курси орқали долларга айлантириб ҳисоблайди. Харид қобилияти паритети эса мамлакатлар ўртасидаги нархлар фарқини инобатга олади: бир хил маблағ турли давлатларда қанча товар ва хизмат сотиб олишга етишини таққослайди.

Номинал ҳисобда АҚШ иқтисодиёти 2026 йилда 32,6 триллион долларга, Хитойники эса 21,5 триллион долларга етиши прогноз қилинган.

Харид қобилияти паритети бўйича эса Хитойнинг ЯИМ 44,6 триллион халқаро долларга баҳоланмоқда. Бу АҚШ кўрсаткичидан тахминан 37 фоиз юқори. Хитой ушбу ҳисоблаш усули бўйича АҚШдан илк бор 2014 йилда ўзиб кетган.

Иккала рейтингда ҳам келтирилган мамлакатлар орасида энг катта ўрин фарқи Индонезияда кузатилади. У номинал ЯИМ бўйича 17-ўринда бўлса, харид қобилияти ҳисобга олинганда еттинчи ўринни эгаллайди. Бу ҳолда Индонезия Канада, Франция ва Буюк Британия каби йирик иқтисодиётлардан юқорида туради.

Ҳиндистоннинг ўрни ҳам сезиларли ўзгаради. Мамлакат номинал рейтингдаги олтинчи ўриндан харид қобилияти бўйича учинчи ўринга чиқиб, Германия, Япония ва Буюк Британияни ортда қолдиради.

Ҳиндистон ЯИМ харид қобилияти паритети бўйича 19,2 триллион халқаро долларга баҳоланган. Германияда бу кўрсаткич 6,6 триллионни ташкил этади. Яъни ушбу усулда Ҳиндистон иқтисодиёти Германияникидан қарийб уч баравар катта.

Россия эса номинал ЯИМ бўйича саккизинчи, харид қобилияти бўйича тўртинчи ўринда қайд этилган. Иккинчи ҳисоблаш усулида унинг иқтисодиёти 7,5 триллион халқаро долларга баҳоланиб, Япония ва Германиядан юқорида жойлашган.

Бу ўринлар фарқи мамлакат иқтисодиёти қисқа вақтда кескин ўсганини англатмайди — бир йил учун икки хил ўлчов қўлланмоқда. Шунингдек, иқтисодиётнинг умумий ҳажми аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад ёки турмуш даражаси билан бир хил кўрсаткич эмас.

Келтирилган рақамлар 2026 йилнинг якуний натижалари эмас, Халқаро валюта жамғармасининг прогнозларидир.