Ўзбекистон | 20:26 / 15.03.2021
13149
3 дақиқада ўқилади

Навоийда ноқонуний қурилаётган бинолар ҳақида маълумот берилди

Қурилиш вазирлиги Навоий вилояти ҳудудида тадбиркорлар томонидан олиб борилган қурилишларни ўрганиб, уларнинг баъзиларидаги хато ва камчиликлар ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, Зарафшон шаҳридаги «Сифат Қурилиш Зарафшон» МЧЖ томонидан шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан кўп қаватли турар жой объектида ноқонуний равишда қурилиш-монтаж ишлари бошланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан қисқа муддатли инспекторлик текшируви ўтказилган. Текширув натижасига кўра, қурилиш объекти вақтинчалик ёпиқ тўсиқ билан ўралмагани, ШНҚ 3.01.01-03 «Қурилишда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» қоидасининг 1.13-банди талабига зид равишда объектда мажбурий юритилиши лозим бўлган техник ижро ҳужжатларидан умумий журнал, материалларнинг кирим назорати, махсус ишлар, бетон, пайванд, техника хавфсизлиги журналлари юритилмагани аниқланди.

Текширув натижасига кўра, жамият мансабдорига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар тўплами расмийлаштирилиб, Зарафшон шаҳар Жиноят ишлари бўйича судига юборилган.

Шунингдек, Зарафшон шаҳар 14-кичик туманидаги «ZARAFSHON BINOINSHOOT QURILISH» МЧЖ томонидан ҳам шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмагани ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан кўп қаватли турар жой объектида қурилиш-монтаж ишлари бошланганлик ҳолати аниқланган.

Ҳолат юзасидан қисқа муддатли инспекторлик текшируви ўтказилиб, мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар тўплами расмийлаштирилиб, Зарафшон шаҳар Жиноят ишлари бўйича судига тақдим этилган.

Бундан ташқари, Зарафшон шаҳар 13-кичик туманидаги «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» ва 19-кичик тумандаги «Ҳакимзода» МЧЖ, Навоий шаҳар 17-кичик туманидаги «Лайло улгуржи савдо» МЧЖ ҳамда «Мирсаид Баҳром» МФЙ ҳудудидаги «Осё Югра» хусусий корхоналари томонидан ҳам шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмаган ҳолда кўп қаватли турар жой объектларида қурилиш-монтаж ишлари бошланган.

Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан ҳудудий назорат инспекциялари томонидан қисқа муддатли инспекторлик текширувлари ўтказилган ва мансабдорларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар йиғилиб, судларга юборилган.

Бунгача Тошкент шаҳриТошкент вилоятиЖиззах, Бухоро ва Қашқадарёдаги ноқонуний қурилишлар ҳақида маълумот берилганди. 

Мавзуга оид