Ўзбекистон | 09:23 / 27.03.2021
1463
2 дақиқада ўқилади

Озон қатламини бузувчи моддаларни қайта ишлаш бўйича 6та янги марказ ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастур тасдиқланди.

Norma’нинг ёзишича, миллий дастурда озон қатламини бузувчи моддалардан (ОБМ) фойдаланишни тўхтатиш мақсадлари ва стратегик йўналишлари белгиланди.

Вазирлар Маҳкамаси дастурига мувофиқ, ОБМдан фойдаланишни тартибга солиш борасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш белгиланган.

Миллий дастур доирасида қуйидагилар назарда тутилган:

  • ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқиш бўйича қатъий назорат ўрнатиш;
  • ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотлар импорти ва экспорти бўйича маълумотлар базасини шакллантириш;
  • ОБМни қайта ишлаш бўйича 6та янги марказ ташкил этиш.

Озон қатламини бузувчи моддаларни олиб кириш ва олиб чиқиш устидан назоратни амалга ошириш Давлат экология қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига топширилди.

Шунингдек, қарор билан Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастурни амалга ошириш «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Қарор билан таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган, Ўзбекистонга импорт ва Ўзбекистондан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига ўзгартиришлар киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид